Австралиялик олимлар: коронавирус қоғоз пулларда 28 кун сақланиб қолиши мумкин
(last modified Tue, 13 Oct 2020 05:47:20 GMT )
октябр 13, 2020 10:47 Asia/Tashkent
  • Австралиялик олимлар: коронавирус қоғоз пулларда 28 кун сақланиб қолиши мумкин

COVID-19 касаллигини келтириб чиқарадиган SARS-Cов-2 коронавируси қоғоз ва полимер банкноталар, шиша ва зангламайдиган пўлат кабилар сиртида лаборатория шароитида 28 кун давомида сақланиб қолгани аниқланди.

Meduza’нинг BBC News’га таяниб ёзишича, бу ҳақда Австралиянинг Илмий ва амалий тадқиқотлар давлат ассоциацияси (CSIRO) томонидан ўтказилган тадқиқотида айтилган.

Қайд этилишича, австралиялик олимлар юқиш хавфини баҳолаш учун вирус турли сиртларда қанча сақланиб қолиши мумкинлигини аниқлашга қарор қилган. Аввалги тадқиқотлардан бири вирус банкноталарда ва шишада икки-уч кун, зангламайдиган пўлат ва пластикда эса олти кунгача сақланиб қолиши мумкинлигини кўрсатганди. Шу билан бирга, CSIRO мутахассислари вирус зангламайдиган пўлатда 3 кундан 14 кунгача сақланиб қолиши мумкинлиги тўғрисида қарама-қарши ҳисоботлар мавжудлигини таъкидлаган.

Янги тажриба муаллифлари коронавирус учун қулай шароитлар яратди: тадқиқот қоронғи хонада ўтказилди. Чунки ультрабинафша нурлар 20 даража совуқ ҳароратда ва бир хил намликда вирусга таъсир кўрсатади. Табиий шароитда вируснинг омон қолиш даражаси бошқача бўлиши мумкин.

Тадқиқотга кўра, 40 даража ҳароратда вирус пахтадан ясалган матода 24 соатдан камроқ, қолган сиртларда эса 48 соат сақланиб қолган.

BBC News’нинг ёзишича, Кардифф Университетининг Шамоллашни ўрганиш марказининг собиқ раҳбари Рон Экклз «жамиятда кераксиз қўрқув» пайдо қилиши сабабли янги тадқиқотни танқид қилди. Унинг таъкидлашича, вирус бирор юзага одам аксирганда, йўталганда ёки ифлос қўллар билан тегганда тушади, аммо бу тадқиқотда одам сўлагидан вирус тарқалиши воситаси сифатида ишлатилмаган.

Ёрлиқ