Норвегияда коронавирус инфекциясининг янги мутацияси аниқланди
(last modified Tue, 20 Oct 2020 06:44:25 GMT )
октябр 20, 2020 11:44 Asia/Tashkent
  • Норвегияда коронавирус инфекциясининг янги мутацияси аниқланди

Норвегияда коронавируснинг мутациялашган номаълум шакли аниқланди. Бу ҳақда Транхейм муниципалитетининг бош шифокори Туве Ресстадга таяниб Verdens Gang газетаси хабар қилди.

Тронхейм шаҳрида коронавирус инфекциясининг янги шакли 16–18 октябрь кунлари тест олинган 8 нафар маҳаллий фуқарода аниқланди.

«Тахминларга кўра вируснинг ушбу янги шаклига ҳали Норвегия соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида дуч келинмаган», – дейди Ресстад.

Бош шифокорнинг сўзларига кўра вируснинг мутацияси қандай хусусиятларга эга экани ҳали номаълум. Бундан ташқари Тронхеймда коронавирус юқтириб олиш хавфи кўпайган: одамлар бир-бирлари билан яқин турмаса ва мулоқот қилмаса ҳам инфекцияни юқтириб олиши мумкин.

Аввал олимларнинг коронавирус заиф нуқтасини топгани маълум қилинган. Тадқиқотчилар коронавирусни тўхтатиш учун унинг «молекуляр қайчиларини» блоклаши кераклигини билдирган, агар шундай қилинса, коронавирус ривожлана олмайди, организм эса патогенга қарши муносиб кураша олади.

Шунингдек, июль ойида АҚШ бош инфекционисти коронавируснинг хавфли мутациясидан огоҳлантирган. Сентябрда Индонезия олимлари коронавируснинг мутацияга учраган штаммини аниқлаган, «Роспотребнадзор» коронавируснинг аниқланган мутациялари ҳақида маълумот берганди.