Инсон танасида янги муҳим аъзо топилди
(last modified Wed, 21 Oct 2020 06:14:03 GMT )
октябр 21, 2020 11:14 Asia/Tashkent
  • Инсон танасида янги муҳим аъзо топилди

Инсон организмида аввал фанга номаълум бўлган тана аъзоси топилди. У жуда чуқур жойлашган бўлиб, айнан шу сабабли аниқланмай келган. Таъкидланишича, бу 300 йил ичида биринчи шундай кашфиётдир. 

Тиббиётчилар топган тана аъзоси тўртинчи жуфт сўлак безлари ҳисобланади. Олимлар уни қувур (tubarial) сўлак безлари деб аташган. Ушбу аъзо бош чаноғининг геометрик марказида, унинг асосига яқин жойлашган. Кўринишидан, ушбу безлар айнан шундай жойлашгани сабабли ҳанузгача пайқалмай келган.

Ушбу тана аъзоси шифокорлар нур терапиясининг бўйин ва томоқ, простата ва уретра саратонларидан азият чекувчи беморларга таъсирини ўрганиши вақтида кашф қилинди.

Олимлар организмда ўсимтани аниқлаш учун қонга изотоплар билан тўйинтирилган глюкозани киритишган. Бундай радиоактив моддалар саратон ҳужайраларида кўп миқдорда тўпланади ва нурланиши ҳисобига ўсимтанинг чегаларини аниқ кўрсатади ҳамда хаста тана аъзоси ҳолатини баҳолашга ёрдам беради.

Бироқ мутахассислар радиоактив глюкозани нафақат ўсимта, балки бошқа бир орган ҳам ютаётганини аниқлашган. Натижада олинган суратларда бир жуфт номаълум аъзо аниқланган.

Анатомия бўйича барча китобларда инсонда учта йирик сўлак безлари борлиги ёзилган. Улар қулоқ олди, жағ ости ва тил ости сўлак безларидир. Қолган барча сўлак безлари жуда кичик ўлчамда бўлиб, оғиз ва ҳалқум бўйлаб жойлашган.

“Тадқиқот вақтида кўринган икки аъзо сўлак безлари хоссаларига эга”, деб айтган тадқиқотнинг етакчи муаллифи, Амстердам университети жарроҳи Маттейс Вальстар. 

Нидерландия саратон институти радиолог-онкологи Ваутер Вогель ушбу кашфиёт ҳақида сўзлаб берган. “Инсонда учта йирик сўлак безлари мавжуд, бироқ бу жойда эмас. Бундан ташқари, бурун-ҳалқумда микроскопик ўлчамдаги яна мингга яқин сўлак бези бир текис жойлашган. Шу сабабли, биз уни топганимизда қандай ҳайратга тушганимизни тасаввур қилиб кўринг-а!” деб изоҳ берган кашфиётга олим.

Сўлак безлари PSMA PET/CT сканери ёрдамида тадқиқ қилинган 100 беморнинг барчасида аниқланган. Бундан ташқари, олимлар янги аъзо борлигини тасдиқлаш ёки инкор этиш учун бир аёл ва бир эркак киши жасадини ёриб кўришган ва унинг мавжудлигига иқрор бўлишган. 

Аниқланишича, ушбу сўлак безлари ҳалқумнинг ҳўлланиб туришига жавоб беради. 

Эндиликда нур билан даволовчи шифокорлар ушбу тана аъзоси борлигидан бохабар ҳолда уни зарба остига қўймасликлари мумкин. Бу эса беморларнинг нур терапия вақтидаги ва ундан кейинги ҳолатларини анча яхшилашга ёрдам беради.