Буйрак саратонида кузатиладиган энг кўп тарқалган 7 симптом
Эркакларда ҳам аёлларда ҳам кузатилиши мумкин бўлган буйрак саратони энг кўп тарқалган хавфли ўсимталар ўнталигидан ўрин олган.
Баъзида наслдан наслга ўтиши билан кузатиладиган мазкур касалликни чекиш, ортиқча вазн, оғриқ қолдирадиган моддаларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ҳам ривожлантириб юбориши мумкин. Қуйида буйрак саратонида кузатиладиган энг кўп тарқалган симптомлар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Қоринда, ёнбош ёки умуртқанинг пастки қисмида шиш ёки қавариқлар пайдо бўлиши
Афсуски, буйрак саратони бошланғич даврида ўзини намоён қилмайди ва агарда ташқи симптомлар кузатиладиган бўлса, бу касаллик зўрайганидан далолат беради. Қоринда, ёнбош ёки умуртқанинг пастки қисмида пайдо бўлган қавариқлар аллақачон ривожланиб бўлган ўсимта бўлиши мумкин.
УЗИ таҳлили натижаларининг яхши чиқмаслиги
Шифокорлар мунтазам равишда қорин бўшлиғини УЗИ, яъни ультратовуш орқали текширтириб туриш кераклигини тавсия қилади. Ўсмалар келтириб чиқарган буйракдаги ўзгаришлар, ҳатто касаллик эндигина ривожланаётган бўлса ҳам мазкур текширувда аниқласа бўлади. Саратон вақтида аниқланса, даволаш ёки ривожланиб кетмаслигининг олдини олиш мумкин бўлади. Шу сабабдан ҳам нафақат буйраклар, балки қорин бўшлиғидаги бошқа аъзоларни ҳам текширтириб туриш керак.
Тананинг ён соҳасида оғриқни ҳис қилиш
Кўплаб ушбу касалликка чалинган беморлар тортишадиган ва симиллаган оғриқдан шикоят қилади. Бунда оғриқ кучаймайди ҳам ўтиб ҳам кетмайди. Агар оғриқ бир неча кун давомида ҳам ўтиб кетмаса, шифокорга мурожаат қилишни ортга сурмаслик керак.
Қон аралаш пешоб
Бу симптом муолажалардан кейин ҳам кузатилиши мумкин, лекин нима бўлган тақдирда ҳам бефарқ бўлмаслик шифокорга мурожаат қилиш керак. Чунки қон аралаш пешоб ривожланаётган буйрак саратонининг белгиси бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Чарчоқ, вазн йўқотиш
Иштаҳа, шунингдек, вазннинг бесабаб йўқолиши ҳамда доимий равишда ҳолсизлик ва чарчоқни ҳис қилиш инкор этмаслик керак бўлган жиддий белги ҳисобланади. Афсуски, бу буйрак саратони билан боғлиқ бўлса, унда касаллик ривожланиб бўлганидан далолат беради. Нима бўлган тақдирда ҳам агар сиз ҳеч қанақасига дам ола олмаётган бўлсангиз ва сабабсиз озиб кетсангиз, мутахассис кўригидан ўтиш учун жиддий сабабингиз бор.
Қон босимининг ошиши
Авваллари ҳеч қачон гипертониядан азият чекмаган бўлсангиз, аммо эндиликда қон босимингиз меъёрдан етарли даражада юқори бўладиган бўлса, шифокорга мурожаат қилиш керак. Гап шундаки, буйраклар организмда суюқлик балансини меъёрда бўлишига ёрдам беради ҳамда қон босимини назорат қиладиган ренин гормони ишлаб чиқаради. Шу сабаб ҳам буйракда муаммо бўлса, қон босими ҳам кўтарилади.
Ҳароратнинг кўтарилиши
Тана ҳароратининг кўтарилиши ҳам бефарқ бўлмаслик керак бўлган яна бир симптом ҳисобланади. Ҳарорат кўтарилиши иммун тизими қандайдир «душман» билан курашаётганини билдиради. Бу вирус, бактерия ёки ўсимта бўлиши мумкин. Агар бошқа яққол кузатиладиган инфекцияга хос симптомлар: йўталиш, аксириш, мушаклар оғриши кузатилмаса, буйракларни текширтириш ва шифокорга мурожаат қилиш керак.