Олимлар қуритилган меваларнинг фойда ва зарарли томонларини маълум қилишди
(last modified Thu, 04 Feb 2021 06:06:07 GMT )
феврал 04, 2021 11:06 Asia/Tashkent
  • Олимлар қуритилган меваларнинг фойда ва зарарли томонларини маълум қилишди

Қуритилган меваларнинг фойдалари ҳақида кўп маълумотлар мавжуд, аммо уларнинг зарарли томонлари ҳам бир қанча мунозаларга сабаб бўлмоқда.Бу борада нафақат истеъмолчилар, балки тўғри овқатланиш мутахассислари ҳам келиша олгани йўқ. Чиндан ҳам қуритилган мевалар зарарлими ёки фойдали?

Кимдир ушбу маҳсулотларни энг фойдали деб билса, бошқалар қатъиян қарши. Демак, уларнинг ижобий ва салбий томонлари ҳақида билиб олиш ва кейинчалик шунга қараб истеъмол қилиш керак.

Фойдали томонлари

Қуритилган мевалар жуда тўйимли. Қуриш жараёнида улар жуда кўп сув йўқотади ва озуқавий моддаларнинг кўп қисмини ўзида сақлаб қолади. 100 грамм маҳсулотнинг калория миқдори етарли даражада бўлиб, у кунлик меъёрни тўлдиришга имкон беради.

Озуқавий моддаларнинг юқори миқдори. Қуритилган мевалар витамин, минерал, макро ва микроэлементларга бойдир. Олхўри ва хурмо таркибида кучли антиоксидантлар мавжуд бўлиб, улар қариш жараёнини секинлаштириши ва умуман организмга фойдали таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, А, B 1, К витаминлари, калий, магний ва толаларнинг катта миқдори мавжуд.

100 фоиз табиий. Қуритилган меваларда ҳақиқатан ҳам шакар кўп, аммо бошқа ширинликлардан фарқли ўлароқ мутлақо табиийдир. Агар ширинлик истеъмол қилишни хоҳлайдиганлар бўлса, бир нечта хурмо ва олхўри тановул қилиш яхшироқдир.

Қуритилган мевалар овқат ҳазм қилишни яхшилайди. Таркибидаги толалар ичакнинг ишлашига фойдали таъсир ўтказади. Кўплаб тадқиқотлар шуни тасдиқладики, кунига қуритилган меваларни истеъмол қилиш овқат ҳазм қилишни нормаллаштиришга ва ичак фаолияти билан боғлиқ муаммолардан халос бўлишга ёрдам беради.

Зарарли томонлари

Шакар ва калория миқдори юқори. Юқорида айтилганидек, қуритилган мевалар шакар ва калорияга жуда бой. Шу сабабли уларни меъёрида истеъмол қилиш керак. Акс ҳолда жуда кўп хавф туғдириши ҳам мумкин. Қандли диабет, вазн ортиши ва юрак-қон томир касалликларига чалиниш эҳтимоли мавжуд.

Сулфитлар. Қуритилган меваларни харид қилиш чоғида, албатта, чиройли ҳамда силлиқ кўринишдагилари танланади. Лекин мевалар қуриш жараёнида сувини йўқотганлиги сабабли ташқи кўриниши унчалик чиройли бўлмайди. Шунинг учун ишлаб чиқарувчилар меваларга мукаммал кўриниш бериш учун сулфитни ўз ичига олган кимёвий бирикмалар билан ишлов беради. Албатта, сулфитлар соғлиққа зарар етказиши мумкин. Бунинг учун меваларни танлаётганда, уларнинг ёрқин кўринишига эътибор бермаган маъқул.

Моғор. Кўпгина қуритилган меваларнинг сақлаш шароитига эътиборли бўлиш керак. Агар сақлаш жойи нам бўлса, қуритилган мева юзасини дарров моғор қоплаши мумкин. Албатта, бунинг қўрқадиган жойи йўқ. Чунки уларни ювиб истеъмол қилиш мумкин.