Гижжалардан эҳтиёт бўлинг
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (БЖССТ) маълумотига кўра, инсонда содир бўладиган касалликларнинг 70-80 фоизи паразит-гижжаларнинг таъсирида келиб чиқади.
Бугун ер юзи аҳолисининг 3,5-4 миллиардини гижжалар кемирмоқда, улар гижжа касаллигидан азоб чекмоқда.
Гельминтлар организмнинг ҳамма жойида бир неча ҳафтадан бир неча йилларгача ҳаёт кечиради. Мутахассисларнинг аниқлашича, гижжа инсон ичакларида қирқ-эллик йилгача яшаши мумкин экан. Кўпчилик гижжани фақат қоринда бўлади, деб ўйлайди. Аслида эса у нафақат ичакларда, балки қон томирларда, мияда, лимфада, жигарда, ўт халтасида, ўпкада ҳам бўлиши мумкин.
Гижжалар одам танасига керакли витаминлар, микроэлементлар ва озуқаларни еб яшайди ва ўзидан чиқадиган чиқиндилар билан танани заҳарлаб туради. Натижада терида ҳар хил аллергик касалликлар, турли оқ-қора доғлар, ҳатто пес (витилиго), камқонлик, уйқусизлик, нерв фаолияти бузилиши, ошқозон-ичак, жигар фаолияти бузилиши каби хасталикларга олиб келади.
Гельминтлар ўзи яшаб турган жойдаги нарсаларни еб кун кўради. Масалан, витаминларни, оқсилларни ютади, углеводлар ва микроэлементларнинг ичакларга сурилишига йўл қуймайди. Кўпчилиги эса қонни сўради. Гижжаси бор бемор болада нималар юз беришини санаб ўтайлик:
– гижжаси бор бола яхши ўсмайди, тенгдошларидан бўй жиҳатдан ортда қола бошлайди;
– сколиоз (умуртқа поғонаси қийшайиши) пайдо бўлади;
– бола ақлий ривожланишдан орқада қолиб, буқоқ бези катталашади;
– иммунитети сусайиб кетади, касалликлар юқиши осонлашади;
– сочи тўкилиши, терисига оқ доғлар тушиши кузатилади;
– дерматитлар (дори воситалари таъсирида терининг яллиғланиши), аллергия, анемия, хорея, холецистит, энтерколит, гастрит сингари касалликлардан бири ривожланади;
– боланинг қорни оғрийди, асабийлашади, жиззаки бўлиб қолади, уйқусида тишларини ғижирлатади, гижжалари тухум қўяётганда орқа чиқарув тешиги қаттиқ қичишади, бола уни қашийвериши натижасида у ерда тошма ҳосил бўлади, йиринглайди.
Одам организмида паразитлик қиладиган гижжаларнинг 250 дан ортиқ тури (9 тури болаларда) учрайди.