Абубакр Шиблий
Айрим тазкиранавислар “бу орифнинг Шиблий ном олишига унинг Шиблия қишлоғидан бўлгани сабаб бўлган,” деб таъкидлашган.
Ўзини “Худонинг энг камтарин халқи” дея атаган Абубакр Шиблий ҳижрий-қамарий 247 йилда Сомиро ё Бағдод шаҳарларида туғилгани тахмин қилинади. У аслида хуросонлик ва Шиблия аҳлидандир. Бу минтақа Мовароуннаҳрдаги Сайҳун ва Самарқанд ўртасида жойлашган Истарафшан қишлоқлардан биридир.
Ўз илми билан жаҳон аҳлини ҳайратга солган Шайх Абубакр Шиблий ҳам ўз даврининг тенги йўқ илм аҳлларидан бири ҳисобланган. Аллома Жунайд Бағдодийнинг шогирди Мансур Ҳаллож билан бир даврда яшаб, ҳамфикр дўст бўлгани ва авлиёлик даражасига етгани тарихий битикларда қайд этилган.
Мавжуд тарихий ҳужжатларга мутобиқ, Қарши шаҳрининг шарқий-жанубий қисмида жойлашган Шибли қишлоғи Шайх Шиблий ҳазратлари яшаган манзилгоҳ саналади. Қишлоқнинг шарқий томонида шайх Шиблийнинг зиёратгоҳи жойлашган. Шу ердаги қадимий қабр эса у кишига нисбат берилади. Қабр яқинида улкан масжид ҳам қад ростлаб турибди. Масжид томи ёғоч меъморчилиги услубида ёпилган. Ўртадаги ёлғиз устунга сифатли ишлов, шакл берилган. Ёғочлар тўрт томондан ушбу устунга бирлаштирилган. Вассалар ҳам дид билан ишланиб, жуфтлаштириб терилган. Том вассалари ва ёғочлари ўз даврида табиий ранг-бўёқлар билан нақшланган. Масжиднинг уч тарафи айвон билан ўралган. Айвонларни тўққизта улкан устунлар кўтариб турибди. Масжид биноси тархининг тузилиши, уни ўз даврида шу атрофдаги асосий саждагоҳлардан бири бўлганидан дарак беради.
Ўрта асрда яшаб ижод этган олиму уламолар, шоиру тарихнавислар ўз исмига таваллуд топган шаҳар ёки қишлоқлари номини нисба сифатида қабул қилганлар. Демак, бу Шибли қишлоғи шайх Шиблий таваллуд топганига қадар ҳам мавжуд бўлганини билдиради. Сабаби шайх Абубакр Муҳаммад ҳам ўзига “Шиблий” нисбасини қабул қилиб олганки, бу билан Шибли қишлоғилик эканини англатади.
Халқаро Фирдавсий мукофоти соҳиби Шоислом Шомуҳамедов форс тилидан ўзбек тилига таржима қилган буюк мутафаккир шоир Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон” асари сўнгида тузган изоҳида Шиблий ҳақида сўз юритиб, “Шиблий — Абубакр Муҳаммад ибн Халаф араб тилида ижод қилган тасаввуф шоири. Ўзи Ўрта Осиёдан чиққан (Бухоро). 945 йилда Бағдодда вафот этган” дейди. Шундан ҳам кўриниб турибдики, бу қишлоқ ўтган аср бошларигача Бухоро амирлиги тасарруфида бўлган. Бундан ўн асрлар аввал ҳам ўз ўрнига эга экан.
Шайх Шиблий умр бўйи сафарларда бўлиб, илм-маърифат тарқатган ва кўплаб шогирдларга устозлик қилган. Баъзи манзилгоҳ — роботларда узоқ муддат яшаганлари сабаб, ўша ерлар қадамжо сифатида у кишининг ҳурмати юзасидан “Шибли”, “Шилви” деб номланган. Профессор Ҳамиджон Ҳомидийнинг “Тасаввуф алломалари” номли асарида битилган шайх Шиблий ҳақидаги мақоласида Хўжанд атрофи, Ўратепада ва Тошкент вилоятида ҳам Шиблий номидаги қишлоғу гузарлар, мавзелар учраши келтирилган. Муаллиф Қарши шаҳри яқинидаги Шилви қишлоғи ва зиёратгоҳи ҳақида эшитмаган бўлсалар керакки, бу манзилгоҳни қаламга олмаганлар.
Шайх Абубакр Шиблий ҳаёти, фаолияти ҳақида кўплаб тарихчилар, тазкиранавислар, олимлар баҳоли қудрат ўз асарларида тасвирлашга ҳаракат қилишган. Уларда алломанинг илм салоҳияти, кароматлари кўрсатиб ўтилган.
Ҳатто буюк Алишер Навоий ҳазратлари ҳам машҳур “Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват” асарида 77 та шайх-авлиёларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида қисқа маълумот берар экан, шайх Абубакр Шиблийга ҳам маълум ўрин ажратган.
Шайх Шиблийнинг таъкидлашича, йигирма йил турли ровийлар (ҳадис ривоят қилувчилар)дан ҳадис ёзиб олиш ва йигирма йил фикҳ асосларини (фикҳ — ислом ҳуқуқшунослиги) ўрганишга умрини сарфлаган. Абдураҳмон Суламий, Абулқосим Каширий сингари донишмандлар ҳам шайх Шиблийнинг ноёб фазилати, хислатлари ҳақида ғаройиб ҳикоялар ёзиб қолдирганлар.
Тасаввуф аҳлининг пешво пирларидан бири, шарқ адабиётининг ёрқин намоёндаси шайх Иброҳим Муҳаммад Фаридиддин Аттор Нишопурий ҳам ўзининг “Илоҳийнома” китобида шайх Шиблий ҳақида қуйидаги ҳикоятни келтиради: бир шаҳарда новвой яшар экан. У Абубакр Шиблийнинг шуҳратини эшитиб, шайхнинг ўзини кўрмай, унга кўнгил боғлаган экан. Аммо шайхни бир кўрсам деган иштиёқ билан юраркан. У кўриб ошиқ бўлмаган, балки эшитиб ошиқ бўлгани сабабли шайхнинг қиёфасини хаёлида гавдалантирар, ҳар хил одамларни кўз олдига келтириб кўрар экан. Нима бўлибди-ю, кунларнинг бирида шайх Абубакр Шиблий новвой яшайдиган шаҳарга кириб келибди. Шайх шаҳарни айланиб, ҳалиги новвой дўкони ёнидан ўтиб қолибди ва битта кулчани олиб ея бошлабди. Шу пайт новвой буни кўриб, нонни шайхнинг қўлидан тортиб олибди ва қаттиқ дашном берибди. Шайх Шиблий ноумид бўлиб, ўтиб кетибди. Новвойнинг ёнидаги киши унга қараб:
— Бу одам Абубакр Шиблий бўлади. Шайх Шиблийга шунча эътиқодинг бор-у, лекин бир бурда нонни раво кўрмай, қўлидан тортиб олдинг, — дебди.
Новвой аттанг қилиб, Шиблийнинг орқасидан югурибди. Шиблий аллақачон шаҳардан чиқиб, чўлга равона бўлган экан. Новвой унинг орқасидан етиб бориб, узр сўраб, садоқати ва муҳаббатини айтибди. Шунда Абубакр Шиблий унга:
— Бўлмаса бир зиёфат мажлисини ташкил қилгин. Мени зиёфатга чақиргин, — дебди.
Новвой бу сўздан хурсанд бўлиб, дарҳол шайхнинг айтганларини бажарибди. Шоҳона зиёфат уюштириб, шаҳарнинг казо-казолари, турли тоифалардан меҳмонлар таклиф этибди. Улар анвойи таомлар қўйилган дастурхон атрофига йиғилишибди. Шиблий дуога қўл кўтариб, барчага яхшиликлар тилабди. Меҳмонлар энди таомга қўл узатаётганда ўтирган азизлардан бири Шиблийга мурожаат қилиб сўрабди:
— Эй шайхи муршид, айтинг-чи, дўзахий ким ва жаннатий ким?
Шиблий ҳазратлари жавоб берибдилар:
— Агар дўзахийни кўрмоқчи бўлсанг, шу зиёфатнинг соҳибига назар сол. Шуҳрат учун шунча пул сарфлаб бизни чақиртирди, аммо Аллоҳ йўлида бир нонни дарвешга бермади. Агар у муҳтож дарвешга саховат, ҳиммат кўрсатиб, нонни берганида эди жаннатий бўларди.
Шиблийнинг отаси аббосийлар халифаси вақтида катта ҳожиб, дарборга кирувчи эшикларни назоратчиси эди. Шиблийнинг ўзи ҳам ҳожиб эди ва кейинроқ Дамованд ҳокими этиб тайинланади. У тасаввуфга юз тутишидан олдин, яъни Дамованд ҳокими бўлган вақтида Бағдоддан бир мактуб олади. Мазкур мактубда ёзилган таклифга кўра, Шиблий Рай ҳокими ва бир гуруҳ мансабдорлар билан Бағдодга халифа ҳузурига боришади. Бағдод халифаси ўша вақтдаги одатларга мувофиқ муҳмонларга биттадан тўн совға этади. Улар Бағдоддан қайтаётган вақтда атса уради ва оғиз-бурнини ўша халифа берган чопоннинг енги билан артади. Шиблийнинг шериклари бу хабарни халифага етказадилар. Халифа ушбу ишдан ғазабланиб, Шиблийдан совға қилган тўнини қайтариб олади ва уни мансабидан бўшатади.
Шиблий ушбу воқеадан кейин ҳушёр бўлади ва ўзича ўйлайди: “ Агар бирон киши халифа, яъни султони оламнинг тўнини юзини тозалаш учун фойдаланганидан кейин бу тарзда жазоланса, уни сочоқ сифатида ишлатган кишининг ҳоли не кечар экан?”
Ривоят қилишларича, Шиблий ушбу воқеалардан сўнг халифа олдига боради ва ушбу сўзларни унга айтади: “Эй Амир, сиз фақат Аллоҳ бандаларидан бири сиз ва тўнингизнинг қадри ҳам барчага маълумдир ва унга ҳурматсизлик қилишларини истамайсиз. Бироқ шу нарсани билингким, олам Парвардигори дўстлик ва маърифатдан тикилган тўнни менга ато қилган ва У ҳам ушбу тўнни бошқа бандалар учун сочоқ сифатида ишлатилишини хоҳламайди.”
Айтишларича, Шиблий ушбу сўзларни айтганидан кейин халифа дарборидан чиқиб кетади эронлик машҳур ориф Жунайдга мурид бўлиш учун унинг олдига боради. Айрим ривоятларда олти йил ва айрим маълумотларда 14 йил давомида у Жунайдга шогирдлик қилади. Машҳур ориф Жунайд аввалига Шиблийни шогирдликка қабул қилади ва унга бир неча муддат гадолик қилиш, Дамованд халқидан розилик олиш ва муридлар хизматида бўлишни тавсия этади.
Шайх Аттор Нишопурийнинг “Тазкират ул-авлиё” китобида ёзилишича, Шиблий Жунайднинг олдига боради ва айтади: “Сиз Ҳақнинг таниш гавҳари ва Унга яқин бўлиш рамзини биласиз. Уларни менга бахшида этинг ва ёки сотинг.
Жунайд айтади: “ Агар мен уларни сотсам, сен уларнинг баҳосини тўлолмайсан ва сенга бахшида этсам, осонгина қўлга киритганинг учун уларнинг қадрига етолмайсан. Шу сабабдан сен ҳам менга ўхшаб, ўзингни ушбу денгизга сол ҳамда сабр ва интизорлик билан гавҳарни ўзинг қўлга кирит. Ҳақ таолони таниш ва Унга яқин бўлиш рамзига эришиш учун сен муомала қилишинг лозим.”
Шиблий қабул қилади. Жунайд унга айтади: “Бир йил давомида фақат гадойлик, тиламчилик қиласан ва бошқа ишлар билан умуман шуғулланмайсан.”