Тожикистон антикоррупция агентлигининг собиқ раҳбарлари ушланди
Тожикистон коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбарининг собиқ ўринбосари Давлатбек Хайрзода республикадан чиқиб кетишга уринганида Қирғизистон билан чегарадош ҳудудда қўлга олинган. Бу ҳақда Asia-Plus ўз манбасига асосланиб хабар берди.
Asia-Plus сайти маълуотига таяниб кун. ўзнинг хабар беришича, Хайрзода 2015 йилнинг мартида агентлик директорига ўринбосар бўлганди. У шу йилнинг январида нафақага чиқарилган.
Шу куни Душанбе шаҳрида антикоррупция агентлигининг ташкилий-инспекторлик бошқармаси раҳбари Жамолиддин Муҳаммадзода қўлга олинди. У бу лавозимга ўтган йилнинг декабрида тайинланганди.
Маълум қилинишича, шу кунларда агентликнинг собиқ терговчиси Фирдавс Ниёзбадалов ҳам қўлга олинган.
Агентлик маълумотига кўра, жами бўлиб агентликнинг 17 ходими қўлга олинган. Ташкилотнинг яна бир вакили Умед Камолов қидирувга берилган.
Қўлга олинганларнинг барчаси шу вақтгача лавозимларидан бўшаганди. Уларнинг ишдан кетиши сабаблари келтирилмаган.