Ўзбекистон ва Тожикистон Бош прокуратураси жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон Республикаси бош прокурори О.Муродов Тожикистон Республикаси бош прокурори Ю.Раҳмон бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ахборот хизмати хабар бермоқда
Меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, жиноят қонунчилигини либераллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чоралар ҳақида маълумот берилди.
Аниқ механизмларни жорий қилиш йўли билан терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш ҳамда минтақада хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Тожикистон Республикаси бош прокурори Ю.Раҳмон самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, бўлиб ўтган мулоқотдан мамнунлигини, учрашув ўзаро ҳуқуқий муносабатларнинг янада ривожланиши ва мустаҳкамланишига туртки бўлишини таъкидлади.
Учрашув якунида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда чегара ҳудудидаги прокуратураларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалаларида ҳуқуқий ёрдам ва ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоланди. Битимни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ҳақида келишувлар белгиланди.