Тожикистонга тиббий мажмуа қурилиши учун Ўзбекистондан махсус техника етиб келди
(last modified Sat, 11 Aug 2018 08:19:33 GMT )
август 11, 2018 13:19 Asia/Tashkent
  • Тожикистон
    Тожикистон

Тожикистонда тиббиёт мажмуасини қуриш учун материаллар, махсус техникалар ва ускуналар ортилган автоколонна ўзбек - тожик чегарасини кесиб ўтди, деб хабар беради Gazeta.uz.

Автоколонна таркибидан экскаватор, трейлер, муҳандис-техник ходимлар учун хўжалик вагонлари, 15 нафар мутахассис, жумладан механизаторлар, тупроқ ва тайёргарлик ишлари бўйича асосий ишчиларни қўшни мамлакатга олиб борувчи автобус ўрин олган.

Ўтган йил апрель ойида Ўзбекистон ўз ҳисобидан Тожикистоннинг Хатлон вилоятида 200 койко-ўринга мўлжалланган тиббиёт мажмуасини қуриб бериши ҳақида маълумот пайдо бўлганди. Объект қурилганидан сўнг, у тожик томонига беғараз ёрдам асосида ўтказилади. Лойиҳа «Ўзбекнефтегаз» томонидан амалга оширилади.

Қурилиш Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ҳамда икки давлат ҳукуматлари ўртасида эришилган келишувлар доирасида амалга оширилади. Ўз навбатида Тожикистон ҳукумати Хатлондаги мажмуа қурилиши учун ер ажратади ва қурилиш пайтида ўзбек томонига ҳар томонлама ёрдам беради.