Туркманистон тожик юк машиналарини чегарадан ўтказишни бошлади
5 октябрдан бир ойдан ортиқроқ вақт мобайнида Туркманистон чегарасида турган ўнлаб тожик юк машиналари Тожикистон томон ва аксинча ҳаракатлана бошлади, деб хабар берди «ASIA-Plus».
Туркманистон транспорт вазирлиги шунингдек, ўтган давр мобайнида темир йўл орқали юк ташиш ҳам тақиқ остида бўлганлигини, уларни олиб ўтишга ҳам кечадан рухсат берилганини маълум қилди.
Туркманистон ҳукумати август охиридан буён тожикистонлик юк ташувчиларнинг машиналарини мамлакат ҳудудига киритмаётган эди.
Тожикистон транспорт вазирлиги ҳайдовчиларга муқобил йўналиш – Бокуга бориш, у ердан Каспий денгизи орқали Қозоғистоннинг Актау портига ўтиш ҳамда Қозоғистон ва Ўзбекистон орқали Тожикистонга кириб келишни тавсия қилганди.
Ашхобод сентябрь ўрталарида Тожикистонга транзит орқали ўтадиган юк машиналари хавфсизлик нуқтаи назаридан тўхтатиб турилганини билдирганди. Бу ҳақда Туркманистон томонининг Тожикистон ташқи ишлар вазирлигига йўлланган расмий хатида айтилган.