Писта теришга жўнатилган 11 нафар туркман аскарлари ҳалок бўлди
Туркманистоннинг Сарҳадобод шаҳрида Тахтабозор чегара отрядининг 11 нафар шошилинч хизмат аскари бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлди. Ҳодиса 2 сентябрь куни 40 нафар ҳарбий хизматчи ҳарбий юк машинасида писта ҳосилини териш учун кетаётган пайтда юз берган.
Хроника Туркменистанага таяниб Дарё сайтининг хабар қилишича, ҳодиса юз берган жой тик қияли ва йўллари ёмон тепалик бўлган. Оғир юк машинаси нима сабабдан йўлдан чиқиб кетгани ва ағдарилгани ҳозирча номаълум. Тахминларга кўра, ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ёки машинада носозлик юзага келган. Бироқ 11 нафар Туркманистон аскари ҳалок бўлган, омон қолганлар орасида жароҳатланганлар кўп.
Аскарларнинг ҳалок бўлгани ҳақида ҳеч қандай расмий хабар берилмаган. Маҳаллий аҳоли ҳодиса ҳақида хабардор, бироқ уни ўзаро муҳокама қилмайди.
Қайд этилишича, нима сабабдан шошилинч хизмат аскарлари писта теришга жўнатилгани номаълум. Бутун мамлакатда пахта терилгани каби писта териш бўйича ҳам юқоридан буйруқ келгани ёки бу қўмондонларнинг буйруғи эканлиги маълум эмас.