Путин ва Раҳмон Россиядаги меҳнат мигрантлари борасида фикр алмашди
Москвада Россия ва Тожикистон президентлари Владимир Путин ва Имомали Раҳмон ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Россия президенти матбуот хизмати хабар берди.
«Меҳнат мигрантлари муҳим масала. Бу Тожикистон учун нозик масала эканини биламан. Биз одамлар ўзларини қулай ҳис қилишлари учун барча нарсани қилмоқдамиз, айниқса, бизда ҳозирда иқтисодиётнинг қатор соҳаларида ишчи кучи етишмаяпти»,— деди Путин.
Хабарда айтилишича, шунингдек, Россия президенти коронавирус пандемияси сабабли икки мамлакат ўртасидаги товар алмашуви ҳажми камайганини қайд этди.
Ўтган йили пандемия сабабли Россияни тарк этган ва қайтиб келмаган мигрантлар тақчиллиги 1,5 млн нафар деб баҳоланганди. Бу тақчиллик қурилиш соҳасидаги меҳнат нархи 30 фоизга кўтарилишига олиб келди. Апрелда Кремль Россия «улкан режаларини амалга ошириши учун» мигрантлар етишмаётганини билдирганди.