Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашди
(last modified Wed, 23 Apr 2025 11:34:11 GMT )
апрел 23, 2025 16:34 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашди
    Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашди

Самарқандда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўртасида учрашув бўлиб ўтди

Сптуник сайтининг Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида ТИВ раҳбари Россия президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

“Суҳбатда Ўзбекистон ва Россия дўстлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди”, — дейилади хабарда.

Барча йўналишларда фаол мулоқотлар ва сермаҳсул алмашинувлар олиб борилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми ошмоқда.

Ҳудудлар ва етакчи саноат корхоналарининг кооперацияси кучаймоқда.

Маданият, санъат, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.

Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан бўлиб ўтган амалий учрашуви якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказилди.