июл 10, 2019 17:16 Asia/Tashkent
  • 2019 йил Саъудия Арабистонида қатл қилишлар йили бӯлди

Ахборот манбалари 2019 йилнинг биринчи ярмида Саъудия Арабистонида маҳкумларни қатл қилиш икки бараварга кӯпайганини таъкидлашмоқда.

2017 йилнинг апрел ойида Саудия Арабистонининг валиаҳди Муҳаммад Бин Салмон мамлакатида маҳкумларни қатл қилиш ишини камайтириш ваъдасини берган эди. Аммо бу ваъда қоғозда қолиб кетди. Зеро, қатл қилиш ишлари валиаҳд ваъдасидан сӯнг камайиш ӯрнига аксинча, кӯпайиб кетди.

Европадаги Саъудийпараст инсон ҳуқуқлари ташкилотининг маълумотига кӯра жорий йилнинг олти ойида руйхатга олинган қатл қилишлар кейинги беш йил давомидаги энг юксак кӯрсаткичдир. Агар 2018 йилнинг олти ойи давомида бу мамлакатда 55 киши олий жазога ҳукм қилинган бӯлса, 2019 йилнинг биринчи ярмида бу кӯрсаткич 122 нафарга етди. Яъни қатл қилишлар сони икки баравардан ошиб кетди.

Қайд қилиш жоизким, Арабистонда қатл қилинганларнинг ярмидан кӯпи сиёсий сабабларга кӯра энг олий жазо раво кӯрилган. Арабистоннинг террорчиликка қарши кураш тӯғрисидаги қонуни шарҳига кӯра бу мамлакатда бошқарув органларини танқид қилиш оғир жиноят ҳисобланади. Бундай жиноятга қонунчиликда энг олий жазо ёхуд узоқ муддатли қамоқ чораси белгиланган.

Саъудия Арабистонидаги сиёсий маҳбуслар фақат шиалардан иборат бӯлмасада, аммо шиалар мамлакатдаги сиёсий маҳбусларнинг кӯпчилик қисмини ташкил этади. Қатл қилинганлар орасида ҳам шиалар бошқалардан анчайин кӯпдир. Масалан фақат бир кунда, яъни 23 апрел куни 37 нафар қатл қилинган бӯлиб, уларнинг аксарияти шиаларнинг давлатга қарши норозилик намойишида қатнашганлик айби билан қатл қилинди. Бу мамлакатда олий жазога маҳкум қилинганлар орасида чет эл фуқаролари ҳам оз эмас. Ӯтган олти ой давомида 57 нафар чет эл фуқароси қатл қилинди.

Ажабланарлиси шундаки,  Саъудия Арабистонида етарли бӯлмаган далилларни  рӯкач қилиб, одамларни олий жазога маҳкум қилиш ёхуд сохта ҳужжатлар асосида бегуноҳ кишиларни қатл қилиш ҳолатлари ҳам кӯп учрайди. Аслида бу мамлакатда суд тизими Оли Саъуд сиёсатларининг таъсири остида бӯлиб, у эркин ва мустақил эмас.

Америкада чоп этиладиган «Ньюсуик» ҳафталик журналининг ёзишича: Ӯзгача фикрлайдиганларга қатъий таважжуҳ қаратилиши Арабистоннинг мухолифларни бостиришда қаттол бир даврни бошидан кечираётганидан далолат беради. Дарвоқе, Салмон Бин Абдулазиз тахтга ӯтирган 2015 йилнинг январ ойидан буён мамлакатда 714 киши қатл қилинди.

Ғарб қудратларининг бу муҳим масалага бефарқ муносабати кишини ажаблантиради. Саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг қатл этилиши ҳақида хавотир билдирган Ғарб қудратлари Саудия Арабистонида амалга оширилаётган юзлаб сиёсий қатл қилишларни маҳкум этувчи  ҳатто биргина баёнот ҳам қабул қилишмади. Мушугини ҳеч ким пишт демаган Муҳаммад бин Салмон эса Арабистон ичкарисидаги бедодгарчиликларини давом эттирмоқда.

 

 

Ёрлиқ