Рамзан Қодиров ўзбекистонлик аёллар ва ёш болаларни Суриядаги "дӯзахий шароитлар"дан олиб чиқмоқчи
(last modified Fri, 10 Nov 2017 06:51:48 GMT )
ноябр 10, 2017 11:51 Asia/Tashkent
  • Рамзан Қодиров
    Рамзан Қодиров

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Суриядаги Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари бўлган 9 нафар ёш бола ва 2 нафар аёлни олиб чиқишга ваъда берган.

Бу ҳақда Қодиров ўзининг Instragram даги саҳифасида маълум қилган.

 Чечен раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва қозоғистонликлар энг яқин вақт ичида Чеченистон пойтахти Грозныйга олиб келинадиган 44 кишилик гуруҳ ичида бўладилар.

Қодиров "агар ўзларининг ҳукуматлари масъулиятни зиммаларига олса, бу одамлар учун яхши бўларди" деб айтган, аммо уларнинг кимлиги ҳақида маълумот бермаган.

Қодировга кўра, улар ҳозирда Суриядаги жамлоқларда.

Рамзан Қодиров бу одамлар Суриядан ҳозир олиб чиқилмаса, йиллар давомида қамоқма-қамоқ юришларига тўғри келишини айтган.

"Агар бу дўзахий шароитларда яшаб қолишса", -дея илова қилган у.

Чеченистон раҳбарининг айтишича, Яқин Шарқнинг уруш ҳудудидаги россиялик ва МДҲлик ёш болалар ва аёлларни олиб чиқишга Россия Президенти Владимир Путин буйруқ берган.

Сурия ва Ироқдаги "Исломий давлат" гуруҳи сафларида юзлаб марказий осиёликлар жанг қилиши айтилади.

Ҳозирда сўз ана шу жангчиларнинг оила-аъзолари ҳақида бораётган бўлиши мумкин.

На Ўзбекистон ва на Қозоғистон расмийлари Чеченистон раҳбарининг ташаббусига муносабат билдиришмаган.

Шунингдек, ушбу давлатлар ҳукуматларининг Сурия ва Ироқдаги фуқароларининг тақдири билан қанчалик қизиқаётгани ҳам маълум эмас.

Аввалроқ Сурия ва Ироқдаги қозоғистонлик ва тожикистонлик жангарилар оилаларининг ватанларига қайтиш ҳоллари кузатилган.

Ёрлиқ