Андижоннинг сўконғич ҳокими жавобгарликка тортилиши мумкин
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i26477-Андижоннинг_сўконғич_ҳокими_жавобгарликка_тортилиши_мумкин
Ўзбекистон Бош прокуратураси хабар қилишича, Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев шаҳар таълим муассасалари раҳбарларини уят гаплар билан ҳақорат қилгани учун жавобгарликка тортилиши мумкин.
(last modified 2018-08-22T17:53:11+00:00 )
декабр 07, 2017 18:38 Asia/Tashkent
  • Андижоннинг сўконғич ҳокими жавобгарликка тортилиши мумкин

Ўзбекистон Бош прокуратураси хабар қилишича, Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев шаҳар таълим муассасалари раҳбарларини уят гаплар билан ҳақорат қилгани учун жавобгарликка тортилиши мумкин.

Прокуратура ўз сайтида чоп қилган баёнотга кўра, Андижон шаҳар халқ депутатлари Кенгаши раиси ҳам саналувчи Раҳматуллаевга қарши текширув ўтказилган.

"Дилмурод Раҳматуллаев амалларида суд тартибида кўриб чиқилиши зарур бўлган маъмурий қонунбузарлик аломатлари борлигини ҳисобга олган ҳолда, вилоят прокуратураси Дилмурод Раҳматуллаевни жавобгарликка тортиш бўйича халқ депутатлари Кенгашига тақдимнома берилган", - дейилади хабарда.

Ҳозирда Кенгаш бу тақдимномани кўриб чиқмоқда.

Кун.уз нашри Андижон ҳокимининг йиғилишда шаҳардаги мактаблар, коллежлар ва академик лицейлар раҳбарларини сўкиб ҳақоратлагани, аёл директорларни таҳқирлаб ерга ургани ифодаланган аудиоёзувни ноябрь охирида чоп қилганди.

Раҳматуллаев раҳбарлигидаги йиғилиш октябрда Андижондан Тошкент вилоятига поезд орқали минглаб теримчилар олиб келинганидан кейинги кунларда бўлиб ўтгани хабар қилинган.

Аудиоёзувдан аён бўлишича, Раҳматуллаев белгиланган миқдорда теримчиларни пахтага жўната олмаган директорларни бирма-бир турғазиб, йиғилганлар олдида турли қўпол сўзлар билан сўкади ва ҳақоратлайди.

"27 дақиқалик аудиофайл Раҳматуллаевнинг тилга олиб бўлмас сўкинчли сўзлари билан тўлиб-тошган", - деб ёзади нашр.