Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? (2-мақола)
(last modified Sat, 30 Mar 2019 06:51:14 GMT )
март 30, 2019 11:51 Asia/Tashkent
  • Гулнора Каримовани ким «ўлдирди»? (2-мақола)

Мамлакат бойликларини аёвсиз талон-торож қилиш, шубҳали хорижий контрактлар тузиш ишига бош-қош бўлиш орқали беҳисоб бойлик орттирди. Ўзбекистонда бизнес олиб борган юзлаб хорижий компаниялар томонидан бажарилган ишлар учун ҳақ тўловини асоссиз равишда бажармади ва мамлакатимизнинг халқаро арбитражларга тушишига сабаб бўлди, деб ёзади Xabar нашри.

...Унинг хорижда сотиб олган кўчмас мулклари рўйхати ва давлатлар жўғрофияси шу қадар кенгки, инсоннинг ақлини шоширади. Лондондан тортиб Дубайгача, Гонгконгдан АҚШгача чўзилган бу мулклар кейинчалик унинг қудратини фош қилишда муҳим факт бўлиб хизмат қилди.

Албатта, бу ҳаракатларнинг барчаси гарчи отаси мамлакат президенти бўлиб турган бўлса ҳам дунё ҳамжамиятининг эътиборини тортмасдан қолмас эди. Бирин-кетин Швеция, Швейцария, Голландия, Россия, Буюк Британия, Франция, АҚШ каби давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида турли айблар бўйича тергов ишларида унинг номи айлана бошлади.

Бу қилмишлари Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини тушира бошлади. Жиноятларнинг адоғи, ютиб юборилган пулларнинг бош-кети кўринмасди. Бутун мамлакатни узоқ йиллар тинч идора қилаётган Ислом Каримов учун битта қулоқсиз қизини йўлга солиш қийин вазифага айланиб қолди.

Унга қарши тергов ҳаракатлари бошланаётган бир пайтда ўзини ҳимоя қилиш учун ижтимоий тармоқлар орқали катта қилган отаси, онаси ва жигари бўлмиш синглисига қарши сўзлар айта бошлади. Мамлакатда қудратли арбоб бўлган МХХ раиси Рустам Иноятовни уқувсизликда ва ҳокимиятни эгаллаб олганликда очиқ айблаб чиқди.

Албатта, Биринчи президент қизини қанчалик қийин бўлмасин, ортиқ очиқда тута олмас эди.

Ниҳоят, чорасиз қизини суд ҳукмига топширишга мажбур бўлди. Бироқ суд чоғида у ўмарган миллиардлаб доллар маблағларнинг тақдирига аниқлик киритилмади, уларни давлат хазинасига қайтариш бўйича суд ҳукмида банд бормиди-йўқмиди, буни ҳам ҳеч ким билмайди.

Нега жиноят суди ҳукми очиқ эълон қилинмади? Ҳукм адолатлимиди? Кўп саволлар очиқ қолиб кетди. Аммо жиноятчининг отаси энг олий ҳокимиятда турган пайтда қайси судья «йўриқномасиз» ҳукм чиқара олар эди, деб ўйлайсиз. Хуллас, ҳукмрон оила учун уй қамоғи — энг маъқул вариант эди. Бу орқали Гулнорани ташқи хавфдан яхшигина ҳимоя қилиш ҳам мумкин эди. Шу сабабли миллий қонунчилигимизга ўзгартириш киритилди: уй қамоғи институти пайдо бўлди.

Аммо элнинг пешона тери ва қадоқ қўлларининг меҳнати эвазига келган бу маблағлар, албатта, халқ бюджетига қайтарилиши энг адолатли қарор бўлар эди. Бу пулларга қанча уйлар, йўллар, кўприклар, мактаблар қурилиши мумкин эди.

Бу пуллар қайтарилиши адолатдан бўлиши ҳақидаги фикрлар фақат Шавкат Мирзиёев  президент этиб сайланганидан кейингина кўтарилди.

Фарқлар ва фойдалар....

Агар Гулнора ҳақиқатан ҳам президент бўлиб қолса нима юз берар эди?

Аввало Гулнора ўзини қаматгани учун отасини ҳеч қачон кечира олмас эди. У ҳокимиятга келган куниёқ биринчи навбатда отасига қарши ҳаракат бошлаш эҳтимоли ҳам йўқ эмасди. Табиийки, унинг ҳокимият тепасига чиқиши оилавий низолар билан бошланар эди.

Шавкат Мирзиёев ўзига устоз деб билган инсон ҳақида ҳокимиятга келганига мана, 2,5 йил тўлганига қарамай, бирор маротаба ҳақоратли ёки камситувчи сўзни ишлатмади. Қолаверса, у ўтганларни ёмонотлиққа чиқариш орқали сохта обрў орттириш йўлини инкор қилмоқда.

Биз Шавкат Мирзиёевнинг фаолиятида Биринчи президент Ислом Каримовга нисбатан ғараз ёки кекни кўрмадик. Аксинча, ҳар доим уни эъзозлаб ва улуғлаб келмокда, руҳи олдида чуқур ҳурмат ва эҳтиромини очиқ кўрсатмоқда. Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси сифатида номини абадийлаштирди. Буни қўшимча сиёсий дивидендлар орттириш йўлида қилмоқда, деб баҳолаш нотўғри бўлар эди. Ундаги чин оддийлик, олижаноб фазилатлар, улуғларга бўлган ҳурмат бугунги кунда қуйи раҳбарларга ҳам кўчиб ўтиб, давлатнинг халқ томон кучли ҳаракатига айланиб кетди.

Шавкат Мирзиёев ўша даврнинг энг қайноқ сиёсий нуқтасида яшаган арбоб сифатида ўзбекнинг барча муаммоларини ҳам, уларнинг ечиш механизмларини ҳам жуда яхши билади. Энг қуйи қатламларгача кириб бориб, фуқаролар қандай ҳаёт кечираётганини ич-ичидан ҳис қилиб яшайди.

Президент марҳум Ислом Каримов ҳурмати учун Гулноранинг барча гуноҳларидан кечиб юбориш ва озодликка чиқариш ҳақида ҳам ўйламаган, деб бўлмайди. Унга имкон ҳам берилди. Лекин у нопок қўллари билан орттирган бойликни ўз эгасига — халққа қайтаришни истамади.

Жиноятчини қонуний жазодан озод қилиб юборишга Шавкат Мирзиёевнинг коррупцияга қарши кураш борасидаги қатъий принциплари, албатта, йўл қўймайди, деб ўйлашга барча асослар бор.

Болалар нега жиғибийрон?

Охирги кунларда Гулнора Каримованинг хорижда, аниқроғи Лондонда яшаётган ўғли Ислом ва қизи Имон анчайин безовталик билан амалдаги раҳбарият номига халқаро майдонда лой чаплашга берилиб кетди. Бу пухта ўйланган кампанияга ўхшайди.

Қолаверса, Ислом ҳеч қандай эҳтиёж бўлмаса-да, Британиядан шов-шовли тарзда сиёсий бошпана сўраб, мурожаат қилишгача етиб борди. Ҳеч ким уни Ўзбекистонда таъқиб қилаётгани ёки қидирувга бергани ҳам йўқ эди.

Имон эса ўтган йили 29 сентябрда Лондонга учиб кетиш чоғида Тошкент аэропортида хавфсизлик хизмати ходимлари унинг шахсий компьютерини текширишга қарор қилгани тўғрисида ижтимоий тармоқда баҳсли фикрларни ёзиб, мустақил халқаро тергов ўтказиш лозимлиги ҳақида жамоатчилик эътиборини тортишга уриниб кўрди.

Энди уларнинг уч-тўртта асоссиз, лекин тагида ўзининг чуқур моддий-молиявий манфаатлари ётган гап-сўзларига одамлар чалғиб кетади, дейиш ҳам хато бўлар эди.

Одамлар ҳамма нарсани билиб ва кўриб турибди, оқни қорадан ажрата олади. Бироқ уларнинг ишлари замирида республикамизда жиноий ҳуқуқ, қамоқдаги шахслар билан муносабат бўйича олиб борилаётган тизимли ислоҳотларни обрўсизлантириш, халқаро жамоатчиликни реал вазиятдан чалғитишга уринишни кузатиш мумкин.

Ислом улар четда юрганида онасига бирор кор-ҳол бўлиши мумкинлигидан чуқур ташвишда эканлигини, ҳукуматда уни йўқ қилиш режаси борлиги, бобосини охирги йўлга кузатишга онасини атайлаб қўйишмагани ҳақида тинмай сўзлайди.

«Исломбой, сен онанг муваффақиятсизликларида ҳозирги ҳокимиятни айблама. Ҳатто бобонгу бувинг давлат тепасида турганида ҳам онангни ҳимоя қилмаганини унутма. Сен ҳали ёшсан-ғўрсан, белинг оғриб бир тийин топмагансан, кетмон нима, ҳатто пахтанинг ранги қандайлигини билмасанг ҳам керак. Россияга бориб ишлаётган йигитларнинг дардию изтироблари сенга бегона. Шу сабабли онангнинг манфаатларини ҳимоя қилишингни тўғри тушунамиз, албатта. Аммо бу интилишларинг Ўзбекистон манфаатларига қарши ўлароқ бўлмаслиги керак. Қолаверса, холанг Лола Каримованинг 2001 йилдан буён онанг билан совуқ муносабатлари, жигарларнинг бир-бири билан мулоқот қилмаслиги ҳақида дунёга жар солишга андиша қил. Эртага синглинг билан ҳам онанг яширган бойликларни бўлишда  жанжал келиб чиқиб, юз кўрмас бўлиб юрмагин», дегимиз келади. Ўмарилган ва аниқланган пуллар миқдори 2 миллиард доллардан кам эмас дейилади.

Қизи Имон 2015 йил августда уй ошхонасида бир неча соат бўлган судни хотирлаб ёзган эди. Ҳозир онасининг соғлиғи билан боғлиқ жиддий муаммолари борлигини ва иккита операция ўтказиш кераклигини, аммо уни шифокорларга кўрсатишга рухсат берилмаётгани ҳақида жар солмоқда.

Инкор этиб бўлмас асос шуки, маҳкума жазони ўташ шартию тартибларини бузди. Яшаш жойидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетди, интернет ва мобил воситалардан фойдаланди. Етказилган зарарни тўлаш ҳақида бутунлай унутди.

Пробация хизмати тақдимномасига кўра, қонуний чора қўлланилди. Жазонинг қолган қисмини, 2019 йил мартдан бошлаб, умумий тартибли колонияда ўтамоқда. Ҳозирда айрим халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг бўлаётган воқеаларга сиёсий тус беришга ва вазиятдан  ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиб қолишга уриниши самарасиз ишдир.

Аслида айримлар билиб-билмай иддао қилаётганидан терс равишда Гулнора Каримовага 2017 йилда эмас, балки 2015 йилдаёқ ҳукм ўқилган ва 5 йилга уй қамоғига маҳкум этилган эди. У 2013 йилдан, яъни тергов ҳаракатлари бошланган даврдан  уй қамоғида сақланиб келинган...

Давоми бор.