Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
(last modified Sun, 06 Aug 2023 07:25:55 GMT )
август 06, 2023 12:25 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
    Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 1-6 август кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

Мирзиёев ва Эрдоған билан телефонда суҳбат қилди

Ўзбекистонда инфляция қарийб 7 йил ичида биринчи бор 9 фоиздан пасайди

Ўзбекистон ва Жанубий Корея мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди

Душанбеда Ўзбекистон-Тожикистон демаркация комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди

Мирзиёев ҳокимликлар ва солиқ тизимидаги кўплаб мансабдорларни ишдан олди

Мирзиёев ҳокимликлар ва солиқ тизимидаги кўплаб мансабдорларни ишдан олди

Ашхободда Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари учрашди

Мирзиёев Ашхобод саммитида бир қатор таклифларни билдирди 

Ўзбекистон расмийлари ва Европа вакиллари ўртасидаги учрашувда Афғонистон масаласи диққат марказида бўлди

***

Икки давлат етакчилари Ўзбекистон ва Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масалалари муҳокама қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 июль куни Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали суҳбат қилди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигини янада кенгайтириш, стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек президентлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳамда икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги самарали алоқалар изчил ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этишди.

Минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

***

Ўзбекистонда инфляция қарийб 7 йил ичида биринчи бор 9 фоиздан пасайди

Ўзбекистонда, 2023 йил июл ойи ҳолатига, охирги бир йил ичидаги расмий инфляция 8,9 фоизга тушгани маълум қилинди. Шу тарзда, 2016 йил август ойидан (8,6) кейинги даврда инфляция биринчи марта 9 фоиздан пасайди.

Ўзбекитон Статистика агентлигига кўра, Июл ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,2 фоизга арзонлашди.

Кетма-кет икки ойлик мавсумий дефляция ортидан, йиллик инфляция (ўтган йилнинг июлига нисбатан) 8,9 фоизга тушган. Йил бошидан буён истеъмол секторидаги нархлар ўртача 3,3 фоизга ўсган.

8,9 фоизлик йиллик инфляция – 2016 йил августидан (8,6 фоиз) кейинги даврдаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Статистика органи 2023 йил июлида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 0,9 фоизга арзонлашгани, ноозиқ-овқат товарлари 0,3 фоизга ва пулли хизматлар 0,5 фоизга қимматлашганини қайд этди.Йиллик нисбатда озиқ-овқатлар ўртача 10,7 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлар 7,3 фоизга, хизматлар эса 8,2 фоизга қимматлашган.

***

Ўзбекистон ва Жанубий Корея мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов Тошкентда жанубий кореялик ҳамкасби Ли Жонг Суп билан учрашди. Учрашувда мудофаа ва қурол-яроғ саноати соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳокама қилинди.

Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов сешанба куни Корея Республикаси миллий мудофаа вазири Ли Жонг Супни қабул қилди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, музокараларда вазирлар ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни давом эттириш ва шерикликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.

Ташриф доирасида Корея Республикаси ҳарбий делегацияси Ўзбекистон Қуролли кучлари академиясига ташриф буюриб, таълим муассасаси фаолияти ва инфратузилмаси билан яқиндан танишди. Яна бир қанча объектларга ташриф буюриш ҳам режалаштирилган.

Мудофаа вазири Ли Жонг Суп душанбадан пайшанбагача «Марказий Осиёдаги алоҳида стратегик ҳамкор ва асосий дўст мамлакат» бўлган Ўзбекистонга ташриф буюриши режалаштирилган, деб хабар берди душанба куни Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги.

Эътиборли жиҳати, Ли Ўзбекистонга ташриф буюрган биринчи Жанубий Корея мудофаа вазири саналади.

Жанубий Корея-Ўзбекистон мудофаа саноатини ривожлантириш конференцияси ҳам бўлиб ўтади ва бу Ўзбекистон билан мудофаа соҳасида стратегик ҳамкорлик чора-тадбирларини муҳокама қилиш учун платформа бўлади.

Шунингдек, Жанубий Корея мудофаа вазирининг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиши кутилмоқда.

***

Душанбеда Ўзбекистон-Тожикистон демаркация комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди

***

30 июль куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон-Тожикистон қўшма демаркация комиссияси ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон ТИВ маълумотига кўра, 24-30 июль кунлари бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг лойиҳа демаркация чизиғидан ўтиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир якунида тегишли баённома имзоланди. Навбатдаги учрашув Ўзбекистон ҳудудида бўлиб ўтади.

19-25 июнь кунлари Қарши шаҳрида Ўзбекистон-Тожикистон қўшма демаркация комиссияси ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда Ўзбекистон-Тожикистон давлатлараро чегарасининг лойиҳа демаркация чизиғидан ўтиш масалалари муҳокама қилинди.

***

Мирзиёев ҳокимликлар ва солиқ тизимидаги кўплаб мансабдорларни ишдан олди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимликлар, солиқ тизими ва бошқа органлардаги кўплаб мансабдорларни лавозимидан оўод қилди

Мирзиёевнинг Тошкент вилоятида ўтказган йиғилишида Наманган шаҳри ва 15 та туман ҳокимининг 16 нафар биринчи ўринбосари ҳам лавозимидан озод этилгани маълум қилинди. Бунга ушбу ҳудудларда қашшоқлик даражаси юқорилиги сабаб қилиб кўрсатилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги 26 та солиқ инспекцияси раҳбарлари, иккита вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиқларини эгаллаб турган лавозимидан озод этиш бўйича топшириқ берилди, Солиқ қўмитаси раис ўринбосарларига эса ҳайфсан эълон қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, Қибрай ва Янгийўл туманлари ҳокимлари ҳамда ушбу туманларнинг 4 та сектор раҳбарларини ишдан олишга кўрсатма берди. Шунингдек, вилоят ҳокимининг саноат ва инвестицияларга ҳамда қурилишга масъул ўринбосарларига ҳайфсан эълон қилинди.

Шавкат Мирзиёев муаммоли кредитлар кўплиги сабабли Марказий банкнинг 2 вилоятдаги бошқарма бошлиқларини ҳамда бир қатор банк филиаллари раҳбарларини ишдан бўшатиш тавсиясини берди.

***

Ашхободда Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари учрашди

Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрида Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди.

Учрашувда икки давлат раҳбарлари қардош халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган Ўзбекистон-Туркманистон чуқурлашган стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Амалий ҳамкорлик барча йўналишларда кенгайиб бораётгани қайд этилди.

Ўзаро савдо ҳажми ошиб бормоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида манфаатли ҳамкорлик кенгаймоқда. “Шовот-Тошовуз” қўшма савдо зонасини тез фурсатда ишга тушириш зарурлиги қайд этилди.

Биргаликдаги кооперация лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлар ўртасидаги алмашинувлар ва маданий-ҳуманитар алоқаларни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.

***

Мирзиёев Ашхобод саммитида бир қатор таклифларни билдирди 

Ўзбекистон президенти  4 август куни Ашхободда Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ҳамда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон иштирокида ўтган уч томонлама саммитда иштирок этди. 

Учрашув кун тартибига мувофиқ, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергетика соҳасини ривожлантириш, транспорт-логистика салоҳиятини ошириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. 

Ўзбекистон президенти минтақа мамлакатларининг муштарак очиқлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик сиёсати ўзининг амалий натижаларини бераётганини қайд этди. Якдиллик туфайли икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ўзаро мақбул ечимлар қабул қилинаётгани таъкидланди. 

Ўзбекистон президенти янги хавф-хатарларга эътибор қаратиб, уларга муносиб ва чуқур ўйланган жавобларни биргаликда излаш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Сув тежайдиган илғор технологияларни жорий этиш ва ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, сел ва тошқин сувларини тўплаш ва сақлаш учун инфратузилмани биргаликда ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш таклиф қилинди. 

Мамлакатларнинг «яшил иқтисодиёт»га ўтишга интилиши муштарак эканини ҳисобга олиб, гидро ва иссиқлик энергетикасида лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди. 

Ўзаро интеграциялашган транспорт инфратузилмасини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон етакчиси «Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон» йўлагининг ривожлантирилиши, Транскаспий йўналиши салоҳиятининг ишга солиниши Марказий Осиёнинг «Шарқ – Ғарб» ва «Шимол – Жануб» халқаро йўлакларидаги транзит маркази сифатидаги жозибадорлигини оширишига ишонч билдирди. 

Шу мақсадда халқаро юк ташувчилар учун қулай шароитлар яратиш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва назорат-ўтказиш масканларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш йўлида биргаликда ишлаш таклиф қилинди. 

***

Ўзбекистон расмийлари ва Европа вакиллари ўртасидаги учрашувда Афғонистон масаласи диққат марказида бўлди

Ўзбекистон расмийлари ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти вакиллари Тошкентдаги йиғилишда Афғонистондаги вазиятни кўриб чиқди.

2023-йилнинг 3-август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори в.б. Клеменс Коя билан учрашди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ЙХҲТ ўртасида Афғонистон йўналишидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди, Афғонистондаги жорий вазият юзасидан фикр алмашилди.

К. Коя Ўзбекистоннинг афғон халқига гуманитар ва бошқа ёрдам кўрсатиш, Афғонистонда турли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида муҳим ўрин эгаллашини алоҳида таькидлади.