Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 1-7 апрель кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
-
Ҳайит байрами арафасида ўзбекистонликлар 3 кун дам олишади
- Эрон элчиси ва Фарғона вилояти ҳокими Эрон-Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳамкорлигини кенгайтиришни таъкидлашди
- Ўзбекистон президенти ХХР жамоат хавфсизлик вазирини қабул қилди
- Ўзбекистон бош прокурори ва Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раиси мулоқот қилдилар
- Ўзбекистон ТИВ: Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига уюштирилган ҳаво ҳужумини қоралаймиз
-
Туркияда террорчиликда гумонланган ўзбекистонлик ҳибсга олинди
-
Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг музокаралари бўлиб ўтди
-
Тошкентда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашди
***
Ҳайит байрамини нишонлаш муносабати билан Ўзбекистон фуқаролари уч кунлик узлуксиз дам олишади.
Узнюснет сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони асосида, апрель ойида Ҳайит байрамини нишонлаш муносабати билан Ўзбекистон фуқаролари уч кунлик узлуксиз дам оладилар:
- 10 апрель чоршанба (тахминан) ҳайит санаси);– 11 апрель, пайшанба (иш ҳафтаси туридан қатъи назар, барча ходимлар учун қўшимча ишланмайдиган кун);- 12 апрель, жума (беш кунлик иш ҳафтаси ходимлари учун ишланмайдиган кун). Шундай қилиб, 13 апрель (шанба) ҳамма учун иш куни.
Маълумот ўрнида, Ҳайит байрамини нишонлаш санаси ўзгариши мумкин.
***
Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммадали Искандарий ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликларидаги сўнгги вазиятни муҳокама қилдилар.
Эрон телерадиокомпаниясининг ўзбек тилидаги сайтининг хабар қилишича, Эрон Ислом республикасининг Ўзбекистондаги элчиси ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ҳокими ўртасидаги учрашувда икки давлат президентларининг учрашувлари ва жиддий сиёсий иродаси ортидан Эрон Ислом республикаси билан Ўзбекистон республикаси ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Томонлар шунингдек амалга оширилаёган имкониятлар ва дастурлардан унумли фойдаланган ҳолда товар айирбошлаш ва ўзаро инвестиция ҳажмини ошириш мумкинлигини ҳам қўшимча қилдилар.
Бундан ташқари Фарғона шаҳридаги “Ecocity” лойиҳасини якунлаш учун фармацевтика маҳсулотлари, тиббий-асбоб-ускуналар, қурилиш материллари ва тажҳизотларни экспорт қилиш, мавжуд салоҳиятини ўрганиш ва улар ўртасидаги савдо тўсиқларни бартараф этиш мақсадида ҳар икки томон савдогарлари ва ишбилармонларнинг кўргазма тадбирларида фаол иштирок этиши юзасидан фикр алмашилди.
Эрон Ислом республикасининг Тошкентдаги элчиси Муҳаммадали Исфандарий ўз сўзларида "Iran Expo 2024” халқаро кўргазмасида қатнашиш учун Фарғона вилояти делегациясининг Теҳронга юборилиши Эрон имкониятлари билан танишиши учун муҳим ва ноёб имконият бўлишини маълум қилди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрилла Бозоров ҳам бу таклифни қабул қилар экан, ушбу кўргазмада вилоят ҳокими ўринбосари бошчилигидаги бир гуруҳ мутасадди ва тадбиркорлар қатнашишини хабар қилди.
**
Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни Хитой Давлат кенгаши аъзоси, жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон президенти ва ХХР жамоат хавфсизлик вазири учрашувида, хавфсизликка нисбатан замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилди, - дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари юксак даражага кўтарилганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари орасида ҳамкорлик учун салоҳият ва имкониятлар мавжудлигини қайд этди.
жамоат хавфсизлигининг асосий йўналишлари бўйича тажриба алмашиш ва қўшма тадбирлар ўтказиш, замонавий ахборот технологиялари ва инновацион усулларни жорий қилиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, малакали мутахассисларни тайёрлаш ва бошқалар кўрсатиб ўтилди.
Ван Сяохун Ўзбекистон президентига Си Цзиньпиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ва кўрсатилаётган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
***
Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ва Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин учрашуви бўлиб ўтди
Россия Тергов қўмитаси матбуот хизматига таяниб Спутник сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ва Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин ўртасида учрашув бўлиб ўтди
Хабарга кўра, 2020 йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган биринчи учрашув Россия Тергов қўмитаси ва Ўзбекистон Бош прокуратураси ўртасидаги ҳамкорликнинг конструктив ва самарали ривожланишининг бошланиши бўлгани таъкидланди.
Томонлар, шунингдек, “Россия ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги тўлиқ форматдаги алоқаларни янада жадал ривожлантиришдан ўзаро манфаатдорлик” масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Россия Тергов қўмитаси раҳбарининг таъкидлашича, ҳозирги шароитда икки идоранинг ўзаро ҳамкорлиги жиноятчиликка қарши курашда муҳим дастакга айланиб бормоқда.
**
Ўзбекистон ТИВ сионистик режимнинг Эроннинг Дамашқдаги консуллигига қарши уюштирган тажовузларини кескин қоралади.
Аниқ сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон бир неча инсонларнинг қурбон бўлиши ва Эроннинг Дамашқ (Сурия) шаҳридаги дипломатик миссияси ҳудудида вайронагарчиликларга олиб келган Эрон консуллиги биносига уюштирилган ҳаво ҳужумини кескин қоралайди.
“Хорижий давлатларнинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналарига ҳужум қилинишини мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат ҳамда халқаро дипломатик ҳуқуқ асослари ва тамойилларини энг қўпол равишда бузилиши деб ҳисоблаймиз”, деб баёнот берди Ўзбекистон ТИВ вакили.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ТИВ ҳам олдинроқ сионистик режимнинг Эроннинг Суриядаги консуллигига қарши ҳужумларини қоралаганди.
**
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасининг хабар қилишича Туркияда террорзимда гумонланган ўзбекистонлик қўлга олинди.
Қалампир сайтининг бу хабарга таяниб хабар қилишшича, жорий йилнинг март ойи охирларида Туркия маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ИШИД халқаро террорчилик гуруҳига аъзо деб гумон қилинаётган 70 киши ушланган. Улар орасида 1 нафар 39 ёшли Андижон вилоятида туғилган Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги аниқланган.
"Адвокатлар аралашуви натижасида ватандошимизнинг таъкидланган террорчилик гуруҳига алоқаси борлиги ҳақидаги важлар ўз исботини топмади ва қўйиб юборилди", дейилади хабарда.
Шундан келиб чиқиб, консулхона Туркияга боришни режалаштирган ўзбекистонликлар учун ўз тавсияларини берди:
Telegram, Instagram, Tik-Tok, YouTube ва WhatsApp'даги экстремистик канал ва сайтларга аъзо бўлмаслик;
мобил телефонларда билиб-билмай мутаассиблик руҳидаги нашидалар (қўшиқлар), маърузалар, суратларни сақламаслик ва тарқатмаслик;
электрон почта орқали номаълум шахслардан келган диний мазмундаги даъват ва танишув ҳақидаги таклифларга жавоб бермаслик керак.
***
Хива шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Спутник сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳар томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, илгари олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ инвестиция битимлари ва савдо шартномаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат раҳбарлари машинасозлик, энергетика, транспорт ва логистика, кончилик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш юзасидан бош вазирлар ўринбосарлари, Ҳукуматлараро комиссия ҳузуридаги ишчи гуруҳлар ҳамраисларининг ҳисоботларини тингладилар.
Мирзиёев ва Токаев товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат кооперацияси бўйича узоқ муддатли дастурни шакллантириш ҳамда транспорт ва энергетикада инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ топшириқ бердилар.
Жорий йилда Саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш бўйича амалий ишларни бошлаш, қўшма ташқи савдо компанияси фаолиятини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш, ёшлар иштирокида маданият, таълим ва спорт соҳаларида қўшма тадбирлар ўтказиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашилди.
**
Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммадали Искандарийни қабул қилди.
Дарё сайтининг Ўзбекистон сенати матбуот хизматига таяниб, хабар қилишича, Танзила Норбоева ва Муҳаммадали Искандарий учрашувида Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги ҳамкорликни, шунингдек, парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.
Ўзбекистон ва Эрон президентлари ўртасидаги мунтазам мулоқот, ўзаро ташриф ва учрашувлар турли соҳалардаги алоқаларини кенгайишига муҳим туртки бергани алоҳида қайд этилган.
Мулоқот чоғида товар айирбошлаш ҳажми 2023 йилда 503,4 млн долларни ташкил этгани, бу икки мамлакат салоҳиятига умуман жавоб бермаслиги, ушбу кўрсаткични бир неча баробар ошириш имкониятларини кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланган.
Транспорт логистикаси, тиббиёт ва фармацевтика, техник муҳандислик, фан ва технологиялар соҳаларида ҳамкорлик бўйича ишга солинмаган имкониятлар борлиги, мазкур йўналишдаги лойиҳалар иккала томон учун ҳам бирдек манфаат келтириши айтиб ўтилган.
Парламентлараро алоқалар мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашнинг амалий механизми эканлигидан келиб чиқиб, дўстлик гуруҳлари ва қўмиталар даражасидаги мулоқотлар мунтазамлигини таъминлаш, ўзаро ташрифларни фаоллаштириш бўйича фикр алмашилган.