Шавкат Мирзиёев Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раисини қабул қилди
(last modified Wed, 01 Feb 2017 15:32:33 GMT )
феврал 01, 2017 20:32 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев
    Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэммни қабул қилди.

Кун.ўз сайтига кўра, Ўзбекистон раҳбари ва палата раиси савдо-иқтисодий, инвестиция, технология, инновациялар ва таълим соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтириш хусусида сўзлашишган.

Шунингдек, агросаноат мажмуаси, электротехника, фармацевтика ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар истиқболлари муҳокама этилган, иқтисодий соҳада икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашнинг янги механизмларини ташкил қилиш масалалалари кўриб чиқилган.

Кэролин Лэмм Шавкат Мирзиёевга илиқ қабул учун миннатдорчилик билдирди.

У америкаликлар делегацияси номидан Ўзбекистон президентига «муваффақиятли раҳбарлик, мамлакат равнақи йўлидаги ислоҳотларни амалга ошириш ва хорижий инвестицияларни жалб этишни оммалаштирганлик» учун эсдалик топширди.

Кэролин Лэмм Америка-Ўзбекистон савдо палатаси вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликда қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини тасдиқлаган.

Ўзбекистонда америкалик ишбилармонлар капитали иштирокида 164та корхона фаолият юритмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси йил сайин ошиб бормоқда. 2016 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 70 фоизга кенгайиб, 453,8 миллион долларни ташкил қилди. Ўтган йилда АҚШдан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган инвестиция ҳажми 1 миллиард доллардан ошиқ бўлган.

Ёрлиқ