Ўзбекистон Украина прокуратурасига Акбарали Абдуллаевни экстрадиция қилиш сўровини йўллади
Ўзбекистон Бош прокуратураси шу йилнинг февраль ойи бошида мамлакатнинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг қайинжияни Акбарали Абдуллаевни экстрадиция этишни сўраб, Украина Бош прокуратурасига талабнома жўнатган, дея хабар беради “Озодлик”.
Фарғона.ру сайтига кўра, Абдуллаев 14 январь куни Киев аэропортида қўлга олинган. Унинг ёнидан Доминикан Республикаси ва Ўзбекистон паспортлари чиққан. Унинг ҳужжатлари текширилаётганда Интерпол базаси Абдуллаев 91 млн доллардан зиёд маблағни қонунга хилоф тарзда ўзлаштиргани, 200 млн доллар ва 271 602 евро миқдорида хорижий валютани яширгани, жиноий йўл билан топилган 77.4 млн швейцар франки ва 200 минг латвия латлари миқдоридаги маблағни легаллаштиргани ҳамда хизмат мавқеини суистеъмол қилгани учун учун халқаро қидирувда эканлиги ҳақида сигнал берган. Уни 19 январь куни 40 кун муддатга ҳибсга олишган.
2013 йилда Акбарали Абдуллаев Ўзбекистонда ҳибсга олингани тўғрисида маълумот пайдо бўлди: унга қарши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167 (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”), 184 (“Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш”) ва 210 (“пора олиш”) моддалари бўйича айблов қўйилганди.