Хитой Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади
Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 24 март куни Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича кичик қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
ЎзА хабарига таяниб Кун.ўз сайтининг хабар беришича кўра, тадбирда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, савдо, сармоя, нефть-газ, экспорт, машинасозлик, электротехника, қишлоқ ва сув хўжалиги, юқори технологиялар, сайёҳлик, озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, кичик қўмита ҳамраиси Элёр Ғаниев мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистоннинг йирик савдо ва сармоявий шерикларидан бири ҳисобланади. 2016 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Ўзбекистондаги лойиҳаларга жалб қилинган Хитой инвестициялари ва кредитлари ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошади.
Хитой компаниялари ва банклари иштирокида Ўзбекистонда Қамчиқ довонида 19,2 километрлик темир йўл туннелини ишга тушириш, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи ва Қўнғирот сода заводини қуриш, Хоразм вилоятида замонавий экскаватор ва бульдозерлар ишлаб чиқариш, телекоммуникациялар ва ахборот технологияларини ривожлантириш сингари саноат ва инфратузилма ривожи учун муҳим лойиҳалар, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида инвестициявий лойиҳалар амалга оширилган.
Бугунги кунда “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида автомобиль ва қишлоқ хўжалиги техникаси шиналари ва конвейер лентаси ишлаб чиқариш заводини ҳамда “Навоийазот” акциядорлик жамияти негизида поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш каби муҳим инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Энергетика, нефть-газ, ирригация ва мелиорация соҳаларида, инфратузилмаларни модернизация қилиш борасида ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.