Абдулазиз Комилов Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли билан учрашди
26 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматига таяниб Кун.ўз сайти хабар берди.
Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар 8-раунди доирасида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, ҳарбий-техникавий, сайёҳлик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама муносабатлар ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишди.
Бўлиб ўтган суҳбат ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда аксарият долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар, шунингдек етакчи халқаро ташкилот ва институтлар, биринчи навбатда БМТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти доираларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича позицияларнинг ўхшаш ва мувофиқлигини тасдиқлади.
Томонлар, шунингдек, долзарб халқаро масалаларни ҳам муҳокама қилишган.Музокаралар якунига кўра, вазирлар Икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасида 2017—2018 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини имзолади.
Тадбирларда Туркия элчиси Аҳмет Башар Шеен иштирок этди.