Депутатлар "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишди
Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди, дея хабар берди уз24 сайти.
"Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги, "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги, янги таҳрирдаги "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги қонун лойиҳалари шулар жумласидандир.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ички ишлар органларининг қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги мақоми, фаолият шакли ва усулларини аниқлаштириш, шу мақсадда алоҳида қонун қабул қилиш зарурлигини таъкидлаганди. Шундан келиб чиқиб, мутасадди идоралар томонидан экспертларни ҳамда кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳасида ички ишлар органларининг асосий вазифа, фаолияти йўналишлари ва принциплари ҳамда уларнинг ваколат ва мажбуриятлари, шунингдек, ушбу идораларда хизмат ўташ тартиби ва шартлари, ходимларнинг хуқуқий ва ижтимоий ҳимояси яхлит ҳужжатда мужассам этилаётганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини муҳокама қилишда барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари иштирок этди ва ўз муносабатларини билдирди.