Ўзбекистон Бош прокуратураси делегацияси халқаро тренингларда иштирок этди
Ўзбекистон делегацияси Қозоғистон Республикаси прокуратураси органлари тизимидаги ислоҳотларнинг бориши ва натижалари билан танишдилар
ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. Қозоғистон Республикаси Бош прокуратурасининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ходимларидан иборат Ўзбекистон делегацияси хизмат ташрифи билан Остона шаҳрида бўлди, деб хабар берди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот-хизмати.
Ташриф давомида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ходимлари ЕХҲТнинг Остонадаги дастурлари Офиси ва АҚШнинг Қозоғистон Республикасидаги элчихонаси кўмагида ўтказилган "Халқаро алоқалар билан боғлиқ бўлган молиявий жиноятларни тергов қилиш" мавзусидаги халқаро семинар-тренингда иштирок этдилар.
Семинар-тренингнинг мақсади трансмиллий молиявий жиноятларни тергов қилиш ва ноқонуний активларни қайтариш, минтақа давлатларида тўпланган тажрибани ўзаро алмашиш, юқори даражадаги зарур билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш соҳасида мутахассисларнинг малакасини ошириш бўлди.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Покистон давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари ҳам беш кунлик тренинг тингловчилари бўлишди.