Ўзбекистонлик шифокорлар Тожикистонда тажриба алмашишмоқда
-
Ўзбекистонлик шифокорлар Тожикистонда
Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббий маркази ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг сил касаллиги бўйича мутахассислар гуруҳи Тожикистонга сафар қилди
Кун.ўз сайтига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон фтизиатр-мутахассисларининг учрашуви биринчи марта Америка халқаро ривожланиш агентлиги (USAID)нинг қўллаб-қувватлаши остида кечди. News.tj шу ҳақида хабар берди.
Ўзбекистонлик шифокорлар Тожикистондаги Сил, пульмонология ва торакал жарроҳлик миллий марказининг Илғор тажриба марказида бўлишди. Шунингдек мутахассисларимиз қўшни мамлакатдаги бошқа тиббий ўқув ва сил касаллигини даволашга йўналтирилган муассасаларга боришди ҳамда у ерда тожикистонлик ҳамкасблари билан тажриба алмашишди.
Хусусан, ўзбекистонлик мутахассислар тиббий таълимдаги энг янги ёндашувлар билан танишишди ва сил соҳасидаги таълим интеграцияларини тиббий таълим муассасалари ўқув дастурларига киритиш борасида маълумот алмашишди.
Тожикистонда USAID томонидан қўллаб-қувватланувчи Илғор тажриба маркази Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги тавсиялари асосида минглаб тиббиёт ходимлари ва талабаларни сил касаллигини аниқлаш ва уни даволашда энг янги ёндашувларни қўллашга ўргатиш мақсадида ташкил қилинган.