Шаҳрам Ғиёсов — жаҳон чемпиони!
У кубалик Рониэл Иглесиасни мағлуб этди .
Германиянинг Гамбург шаҳрида ташкил этилган бокс бўйича 2017 йилги жаҳон чемпионатининг 69 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги баҳслар финалида ўзбекистонлик Шаҳрам Ғиёсов кубалик рақиби Рониэл Иглесиасни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Шаҳрам ҳар учала раундда рақибидан тўлиқ устун ҳаракат қилди. Жангдан сўнг Рониэл Илгесиаснинг ўзи ҳам мағлубиятини тан олиб, Шаҳрам Ғиёсовни олқишлади. Шаҳрам ғалабасини ўз анъанасига содиқ тарзда — Криштиану Роналду услубида нишонлади.
Ўзбекистонлик чемпион боксчи финалга қадар украиналик Евгений Барабанов, англиялик Пет Маккормак ва қозоғистонлик Аблайхон Жусуповни мағлуб этган эди. Шаҳрам Ғиёсов жаҳон чемпионатининг олтин медалини қўлга киритгани муносабати билан, мусобақа бўлиб ўтаётган Гамбургдаги аренада Ўзбекистон мадҳияси янграйди.
Жаҳон чемпионати финалига, Шаҳрам Ғиёсовдан ташқари, яна уч нафар ўзбекистонлик боксчи йўл олган эди. Уларнинг бари — Ҳасанбой Дўстматов (-49 килограмм), Жасур Латипов (-52 килограмм) ва Иқболжон Холдоров (-64 килограмм) кубалик боксчиларга мағлуб бўлиб, кумуш медаль билан кифояланди.