Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасидаги «Маданият» чегара пости очилди
«Маданият» чегара божхона пости айни дамда пиёдалар ҳаракатланишлари учун очиқ. Пост иш тартиби соат 07.00 дан 19.00 га қадар этиб белгиланган
Андижон вилояти божхона бошқармаси тасаруфидаги «Маданият» чегара божхона пости Андижон вилояти Пахтаобод тумани ҳамда Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида истиқомат қилувчи кишилар пиёда ҳаракатланишлари учун 1 октябрдан бошлаб очилди. Бу ҳақда шу куни Андижон ва Жалолобод вилоятлари вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувда қатнашган Kun.uz мухбири хабар қилди.
Чегара мажмуасида Қирғизистондан ташриф буюрган меҳмонлар кенг жамоатчилик ҳамда ёшлар вакиллари иштирокида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳамда Жалолобод вилояти губернатори Қиёнбек Сотибалдиев икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга экани, икки давлат раҳбари учрашуви нафақат ана шу дўстликни, балки икки давлат ўртасидаги иқтисодий, маданий ва яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида янги саҳифа очганини таъкидлашди.
Шундан сўнг, Андижон вилояти ҳокими бошчилигидаги Ўзбекистон вакиллари чегара пости орқали Жалолобод вилояти томон ўтишди. Қардош юрт вакиллари меҳмонларни зўр тантана билан кутиб олди. Қўшничилик муносабатлари, дўстлик ришталари ҳамда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, қўшни давлатга бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликлар олиб ташлангани, айниқса, асрлар давомида қўшни яшаётган, тили, дили, дини бир икки халқ аҳолисини беҳад қувонтирди.