Ўзбекистоннинг Америкадаги янги элчиси АҚШ Давлат департаментига ишонч ёрлиғи нусхасини топширди
Жавлон Ваҳобов ишонч ёрлиқлари нусхасини 17 октябрь куни АҚШ Давлат департаментининг баённома раҳбари вазифасини бажарувчи Кэтрин Ҳендерсонга топширди.
2017 йилнинг 17 октябрь куни Ўзбекистоннинг Америкадаги янги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ Давлат департаменти раҳбариятига ишонч ёрлиғи нусхасини топширди, деб хабар берди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Нусхани АҚШ Давлат департаменти протоколининг раиси вазифасини бажарувчи Кэтрин С. Хендерсон қабул қилиб олди. Маросимда, шунингдек, АҚШнинг Ўзбекистон ва бутун минтақа билан муносабатларини назорат қилувчи Давлат департаменти бўлим бошлиқлари иштирок этди.
Америкалик дипломатлар Ўзбекистон Респубикасининг АҚШга тайинланган янги элчисини иш бошлагани билан табриклади ва келажакда икки томонлама муносабатларнинг янада фаол ривожланишига умид билдирди.