Шошилинч хабар! МХХ журналист Ҳаёт Насреддиновни ҳибсга олди
(last modified Sat, 04 Nov 2017 17:58:54 GMT )
ноябр 04, 2017 22:58 Asia/Tashkent
  • Ҳаёт Насреддинов
    Ҳаёт Насреддинов

 Ҳаёт Насреддинов Мирзиёев ислоҳотларининг тарафдори бўлган

Тошкентда иқтисодий масалалар бўйича журналист Ҳаёт Насреддиновни Миллий хавфсизлик хизмати ҳибсга олган. Журналист Гвардейкийдаги СНБ ҳибсхонасида сақланаётгани айтилмоқда. Яқинлари уни Президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотларнинг тарафдори бўлган, дея тасниф бермоқда.

20 октябр атрофида ҳибсга олинган журналистга қандай айб қўйилаёгани борасида ҳеч қандай маълумот йўқ.

 Asiaterra.info сайти ўз манбаларига таяниб ёзишича, журналистнинг яқинларига унинг нима сабабдан ҳибсга олинганини ҳақида ҳеч нарса дейишмаган. У яқинлари томонидан ёлланган адвокатдан воз кечган.

"Адвокатдан воз кечишга СНБдагилар мажбурлаган бўлиши мумкин. Унинг ҳибсга олиниши журналист Бобомурод Адбуллаевнинг иши билан қандайдир боғлиқлиги бўлиши мумкин", - дейди Тошкентдан журналист Алексей Волосевич.

 Насреддинов Президент Мирзиёев ислоҳотларининг тарафдори бўлган.

Фергана.ру сайти бош муҳаррири Даниил Кисловнинг айтишича, у Ҳаёт Насреддиновни яхши билган ва у билан дўст бўлган.

"Насреддинов Тошкентдан туриб фергана.ру сайтига иқтисодий масалалар бўйича мақолалар бериб турарди. Ҳаётда жуда оптимист йигит. Мамлакатда Мирзиёев ўтказаётган ислоҳотлардан хурсанд эди. Президент олиб бораётган ўзгаришларнинг тарафдори эди. Яқинда виртуал қабулхона орқали бир муаммосини ҳам ҳал қилганини айтиб берган эди", - дейди Даниил Кислов.

Ҳаёт Насреддинов фергана.ру сайтига сўнгги бор бундан 6 ой бурун ёзган.

У шунингдек, 2000 йилларда Тошкентдаги Эроннинг Садерат банкида бошқарувчи бўлиб ишлаган. Ҳибсга олинишидан олдин ўқитувчилик қилган.

Айни дамда Тошкентдаги Гвардейский деб ном чиқарган МХХ ҳибсхонасида журналист Бобомурод Абдуллаев ҳам сақланмоқда.

Усмон Ҳақназаров номи остида ёзган журналистга нисбатан Ўзбекистонда инқилоб қилиш айби қўйилган.

Халқаро ташкилотлар журналист Бобомурод Абдуллаевни зудлик билан озод қилиш талаби билан чиққан.

                                                                              BBC