Афғонистон президенти Ўзбекистонга келди
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i26415-Афғонистон_президенти_Ўзбекистонга_келди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 4 декабрь куни Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани расмий ташриф билан Тошкентга келди.
(last modified 2025-06-23T09:06:26+00:00 )
декабр 06, 2017 08:30 Asia/Tashkent

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 4 декабрь куни Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани расмий ташриф билан Тошкентга келди.

Кун.ўз сайтига кўра, Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Афғонистон Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.

Афғонистон Ислом Республикаси президенти Муҳаммад Ашраф Ғани шунингдек Тошкентдаги Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасига ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани музокараларни икки мамлакат делегациялари иштирокида давом эттиришди.

Президент матбуот хизмати берган хабарга кўра, кенг кўламли мулоқот чоғида савдо-иқтисодиёт, транспорт, транзит, энергетика, кимё, агросаноат, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Кўксаройдаги музокаралар якунида Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг Қўшма баёноти имзоланди. 

Президент матбуот хизмати берган хабарга кўра, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 20 ҳужжат имзоланди. Хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссия тузиш, Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини барпо этиш, юк ташиш, божхона соҳасидаги алоқалар тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир. 

Шунингдек, ташриф доирасида умумий қиймати 500 миллион доллардан зиёд бўлган 40 дан ортиқ экспорт шартномаси имзоланди. 

Президентлар оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда бўлиб ўтган музокаралар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишига қаратилган барча амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ўтказилган музокаралар якунида маълум қилди.

"Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишига қаратилган барча амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Афғонистон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиш мумкин эмас. Бу ўлкада тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг энг тўғри йўли – бу сиёсий музокаралар олиб боришдир", дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирган президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон томони Афғонистон ҳукуматининг мамлакатда барқарорлик ва тинчлик ўрнатиш, музокаралар орқали умуммиллий ярашувга эришиш, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтган.

"Қўшни Афғонистондаги тинчлик Марказий Осиёнинг барқарор ва изчил ривожланиш истиқболларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун имкон яратади.

Ўзбекистон бундан буён ҳам қўшни Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан тиклаш, унинг транспорт ва энергетик инфратузилмасини ривожлантириш, миллий кадрларини тайёрлаш жараёнларида фаол иштирок этади", деган президент.

Ўзбекистон ва Афғонистон президентлари музокалари якунида Термиз шаҳрида Афғонистоннинг консулхонасини очиш тўғрисида келишиб олинди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Шунингдек, томонлар ўртасида «Мозори Шариф–Шибирғон–Маймана–Ҳирот» темир йўлини барпо этиш бўйича битим имзоланган.

«Ташриф доирасида умумий қиймати ярим миллиард долларга тенг буғдой, қора металл прокати, минерал ўғитлар, қурилиш моллари, дуккакли ва бошқа маҳсулотлар экспорти бўйича келишувлар бу йўлда катта қадам бўлади», дейилган хабарда.

«Ўзбекистон Афғонистоннинг яқин қўшниси сифатида бу жафокаш заминда тинчлик-осойишталик барқарор бўлишидан ҳаммадан кўра кўпроқ манфаатдор эканимизни яна бир бор таъкидлайман», деган Ўзбекистон раҳбари.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 13 октябрда ўрнатилган. Икки томонлама ҳамкорлик 2016 йилга келиб, изчил ривожлана бошлади. 2017 йил январда Тошкентда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи давраси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили тайинлангани мамлакатимизнинг икки томонлама муносабатларга ажратаётган эътибори намунаси бўлди.

Давлат раҳбарлари 2017 йил 7 июнда Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ мажлиси ҳамда 10 сентябрда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича саммити доирасида учрашувлар ўтказди.

29 ноябрь куни Тошкент ва Кобул ўртасида биринчи марта тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилди. Бу воқеа нафақат чуқур рамзий маънога, айни пайтда катта амалий аҳамиятга эгадир. Энди икки мамлакат расмий вакиллари, ишбилармон доиралари, энг асосийси, оддий фуқаролар алоқалари учун қулай имконият яратилди.

Мулоқотда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб мавзулари кўриб чиқилди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, хусусан, терроризм, экстремизм ва наркотрафикка қарши курашиш, Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.