Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлик форуми
(last modified Thu, 18 Aug 2016 07:06:53 GMT )
август 18, 2016 12:06 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлик форуми

Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлик форуми

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ва “Электрон ҳукумат”ни жорий этиш соҳасида Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлиги форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кун уз сайти хабар берди.  

Тадбирда икки мамлакатнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, масъул ходимлари, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, савдо, сармоя, иқтисодиёт, архив, интеллектуал мулк, таълим, суд-ҳуқуқ каби соҳаларга ихтисослашган вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари, илмий тадқиқот марказлари вакиллари, етакчи экспертлар иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Маннон Алиев, Корея Республикаси давлат бошқаруви ва ички ишлар вазири Хон Юн Сук, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У ва бошқалар Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар асосида ҳар томонлама ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. 

Форумда меҳмонларга мамлакатда “Электрон ҳукумат”ни жорий этиш ва давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, АКТ соҳасини ривожлантириш, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Жанубий кореялик мутахассислар Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, технологиялар ва инфратузилмаларни ривожлантириш, соҳада кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш борасида олиб борилаётган ишларни юксак баҳолади.  – Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги стратегик шериклик тобора мустаҳкамланиб бораётгани бизни ғоят қувонтиради, – деди Хон Юн Сук. – Олий даражадаги учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг изчил ривожланишида муҳим омил бўлмоқда. Ташрифимиз доирасида “Навоий” интермодал логистика марказида бўлиб, Ўзбекистоннинг иқтисодиёти барқарор ривожланаётганига гувоҳ бўлдик. Мазкур форум давлат бошқаруви соҳасида икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ва уни янада ривожлантириш, соҳанинг турли йўналишлари бўйича фикр ва тажриба алмашиш, ноу-хауларни жорий этиш, мамлакатларимиз иқтисодий қудратини янада оширишга хизмат қилади. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган мамлакатингиз давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман.

Тадбир иштирокчилари давлат бошқаруви соҳасини янада ривожлантириш, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш, электрон ҳужжат ва ахборот алмашиш, архив ҳужжатларини сақлаш, рақамлаштиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашди. 

Ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди. 

“Ўзархив” агентлиги билан Корея Республикаси Миллий архиви ўртасида ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди. 

Корея Республикаси давлат бошқаруви ва ички ишлар вазири Хон Юн Сукка Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг Фахрий доктори унвони топширилди. 

Корея Республикаси делегацияси мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида ҳам музокаралар ўтказди.

Ёрлиқ