Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Беларусь Тергов қўмитаси ўртасида ҳамкорлик ўрнатилади
19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев Беларусь Республикаси Тергов қўмитаси раиси И.Носкевич бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Кун.уз сайтига кўра,меҳмонларга Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, жиноят қонунчилигини либераллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чоралар ҳақида маълумот берилди.
Жумладан, сўнгги даврда терговга қадар текширув ва суриштирув институтларини такомиллаштириш, тергов жараёнида далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини кафолатлашга қаратилган қонунчиликдаги янги тартиб ва ташаббуслар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Томонлар икки давлат ваколатли органларининг жиноятларни тергов қилиш бўйича фаолияти ва ушбу жараёнга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида фикр ва тажриба билан алмашдилар.
Ўз навбатида Беларусь Республикаси Тергов қўмитаси раиси И.Носкевич бўлиб ўтган мулоқотдан мамнунлигини изҳор этиб, самимий қабул учун ўз миннатдорчилигини билдирди ҳамда ушбу учрашувнинг ҳуқуқий соҳада ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.