Ким ҳақни гапирди: ҳокимми ё прокурор?
Самарқанд вилоят прокурори каттақўрғонлик ёш педагог Диана Еникеева ободонлиштиришга чиққан вақти Камаз остида қолганини билдирди. Олдинроқ вилоят ҳокими Туробжон Жўраев Диана Еникеева ва унинг ҳамкасблари ободонлаштириш ишларига жалб қилинганини рад этганди.
Ободонлаштириш ишларини уюштиришда зарур чораларни кўрмаган Каттақўрғон туман халқ таълими бўлими мудири ва мактаб директори ишдан олинди. Ўқитувчиларни кўча тозалашга жалб қилиб, ўлимига сабабчи бўлган мутасаддилар эса жазосиз қолди.
3 апрел куни вилоят прокурори Фарҳод Зуфаров томонидан имзоланган мактубда ёзилишича, 2018 йилнинг 27 март куни Камаз ҳайдовчиси жиноий жавобгарликка тортилган ва иши судга оширилган. Бу ҳақда хабар.уз сайти ёзмоқда.
Шунингдек, Диана ҳалок бўлган куни йўлда ободонлаштириш ишларини уюштиришда зарур чораларни кўрмагани учун туман халқ таълими бўлими мудири Алишер Жуманазаров 29 март куни лавозимидан озод қилинган.
42 - мактаб директори Наргиза Болтаева ҳам ишдан олинган. Наргиза Болтаева фожиа рўй берган куни Тошкентда даволанаётган бўлган, яъни ўша куни ишда бўлмаган.
Бироқ шундай бўлса-да, бу уни эгаллаб турган лавозимидан олинишига монеълик қилмаган.
Эътиборли томони вилоят прокурори ўз хатида Диана Еникееванинг ободонлаштириш ишларида зарурий чора кўрилмагани учун ҳалок бўлганини тан оляпти.
"Ободонлаштириш ишларини уюштиришда зарур чораларни кўрмаган туман ХТБ бўлими мудири А. Жуманазаров Халқ таълими вазирининг 2018 йил 29 мартдаги буйруғи билан эгаллаб тургани лавозимидан озод қилинган", дейилади Фарҳод Зуфаров имзолаган мактубда.
Лекин мактубда ўқитувчиларга катта трассани тозалашга буйруқ берган мутасаддилар ва уларнинг хавфсизлигини беэътибор қолдирган ички ишлар бўлими расмийларига чора кўрилгани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.
Ҳодисадан 5 кун ўтиб Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев Каттақўрғон туманида ёш ўқитувчи аёл йўл оҳаклаётганида юк машинаси остида қолиб ҳалок бўлгани юзасидан расмий муносабат билдирганди.
Ҳоким журналистлардан бу ҳодисани бир томонлама ёритмасликни сўраган.
Шунингдек, ҳокимнинг ўз баёнотида ёзишича, маҳаллий бошқарув идоралари томонидан жамоатчилик соҳаси ходимлари ободонлаштириш "ишларига жалб қилинмаган ва бундай кейин жалб қилинмайди".
Вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ва вилоят прокурори Фарҳод Зуфаровларнинг гапи бир-бирига зид келади.
Ҳоким ўқитувчилар ўша куни ободонлаштиришга чиқарилмаганини таъкидлаган бўлса, вилоят прокурори ободонлаштириш ишларини уюштиришда зарур чоралар кўрилмаганини айтмоқда.
Диана Еникеева ва унинг ҳамкасблари Президент Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи арафасида 14 март куни мактабдан 10 чақирим узоқликда бўлган катта йўлни тозалашга олиб чиқилган.
Йўл ўртасидаги бетон тўсиқни оҳаклаётган 23 ёшли ўқитувчи Диана Еникеевани Камаз машинаси уриб кетади. Еникеева машина зарбасидан олган жароҳати сабаб шифохонада жони узилган.
Ўзбекистондаги интернет нашрлари Диана Еникеева мажбурий меҳнат қурбони бўлганини ёзган.
Ёш педагог ўлимини батафсил ёритган самарқандлик журналист Каримберди Тўрамуродга маҳаллий ҳокимият томонидан босимлар бўлган. Номаълум шахслар унга ўлим таҳдиди қилган.
Журналист пешин намозига кетаётганида давлат рақами йўқ, оқ Нексия уни уриб кетишига бир баҳя қолганини ёзганди.
BBC