апрел 13, 2018 17:11 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари телефон орқали мулоқот қилди
    Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари телефон орқали мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиевни табриклади ва уни Ўзбекистонга таклиф этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президентнинг расмий сайтида эълон қилди қилинди.

Ўзбекистон раҳбари Илҳом Алиевни куни кеча бўлиб ўтган Озарбойжон Президенти сайловида ишончли ғалабага эришгани билан самимий табриклади. Сайлов натижалари қардош Озарбойжон халқи Илҳом Алиевни кенг қўллаб-қувватлаши ва унга улкан ишонч билдиришини, давлат раҳбарининг шахсий хизматлари ҳамда мамлакатда барқарорликни, изчил иқтисодий тараққиётни таъминлаш, халқаро нуфузини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган самарали сиёсатни юксак баҳолашини яна бир бор намоён этгани алоҳида таъкидланди. 

Ўзаро савдо ҳажми барқарор юксак суръатлар билан ўсмоқда, икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокида иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, нефть-газ мажмуида истиқболли кооперация лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Янги «Боку – Тбилиси – Ахалкалаки – Қарс» темир йўл магистрали, шубҳасиз, бутун минтақада савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Фаол маданий-гуманитар алмашинувлар давом этмоқда, қўшма тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Давлатлар раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон-Озарбойжон кўп қиррали ҳамкорлиги, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар. Мулоқот якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевни Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келишга таклиф этди.

Озарбойжон Президенти Ўзбекистон раҳбарига самимий табрик ва эзгу тилаклар учун чуқур миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонга ташриф билан келиш таклифини мамнуният билан қабул қилди.

Ёрлиқ