Минглаб кишиларнинг орзуси: Этник ўзбекларни фуқароликка қабул қилиш соддалаштирилади
(last modified Tue, 19 Jun 2018 04:56:42 GMT )
июн 19, 2018 09:56 Asia/Tashkent
  • Минглаб кишиларнинг орзуси: Этник ўзбекларни фуқароликка қабул қилиш соддалаштирилади

Этник ва тил нуқтаи назаридан ўзини ўзбек ёки қорақалпоқ деб билувчи хориж фуқароларини Ўзбекистон фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш режалаштирлмоқда. Бу борада чет элда истиқомат қилувчи ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича Ўзбекистон давлат сиёсатининг концепциясида белгиланди.

Концепция лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун Норматив-ҳуқуқий актлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида эълон қилинди. 29 июнгача муҳокамага қўйилган ҳужжат жорий йилнинг 23 июлидан кучга кириши назарда тутилмоқда.

Концепцияга асосан чет элда истиқомат қилувчи ватандошлар тоифасига Ўзбекистондан ташқарида доимий яшовчи ёки ўқиши, меҳнат фаолияти, оилавий ва бошқа сабаблар билан хорижда вақтинчалик бўлганлар, асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган, кейинчалик хорижий давлат фуқаросига айланганлар, шунингдек, этник ва тил нуқтаи назаридан ўзини ўзбек ёки қорақалпоқ деб билувчи ҳамда Ўзбекистон билан алоқаларни ушлаб туриш истагида бўлган хорижий фуқаролар ёки фуқаролиги йўқ шахслар киради.

Концепцияда ватандошларга Ўзбекистонга кириш визалари, доимий яшаш учун рухсатнома ва ишлаш учун лицензияни соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш, иш билан таъминлаш, ижтимоий, маиший ва бошқа масалаларини ҳал қилишда кўмаклашиш олий ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиёти, тарих, миллий мусиқа ҳамда театр санъати йўналишлари бўйича таълим олиш учун грантлар ажратиш ҳам белгиланган.

Шунингдек, ватандошлар орасидан ОАВ вакилларини аккредитация қилишнинг соддалаштирилган тартиби ишлаб чиқилади.