Ўзбекистон мусулмонлари идораси мактабларда рўмол ўрашни ихтиёрий қилишни таклиф этди
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)га жойлаштирилган «Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом»нинг халқ талаб ва истакларига мос шаклда бўлиши нуқтаи назаридан фуқаролар, мутахассислар ва кенг жамоатчилик вакиллари томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда, дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабарида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси қиз бола бўлган мактаб ўқувчиларининг рўмолда юришлари масаласида Диний идорага жуда кўп мурожаатлар бўлаётгани сабабли ислом динида баён этилган масалаларга асосланган ҳолда виждон ва эътиқод эркинлиги борасидаги қонун ҳужжатларига таяниб, муҳокамага қўйилган ушбу низомнинг 9-бандидаги «Ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим» деган жумлани қуйидагича баён этишни таклиф қилди: «Ўқувчиларнинг таълим муассасаси биноси ичида бош кийимда ёки бош кийимсиз юришлари ихтиёрийдир».
«Шундай ифода қилинса, миллий ва диний қадриятларимизни ҳурмат этишга, халқимизни рози қилишга ва мазкур масалага ҳуқуқий ечим топишга эришган бўламиз», — дейилади хабарда.
«Ўзлигимизга назар солсак ҳам, заминимизда аёл-қизларнинг рўмол ўраб юриши қадим-қадимдан диёримизда амал қилиб келинаётган миллий урф-одат экани ва уларнинг сатри аврат талабларига мос кийинишлари эса ибо-ҳаё, ор-номус ифодаси экани маълум бўлади. Буюк тарихимизда шоира-ю адибалар Увайсий, Нодирабегим, машҳур фақиҳа Фотимаи Самарқандия, улуғ алломалар Имом Бухорий ва Баҳоуддин Нақшбанднинг волидаи муҳтарамалари илм-у маърифатда, ибо-ҳаёда аёл-қизларимизга ўрнак, миллатимизга фахр-ифтихор бўлган мўътабар момоларимиз ҳам ўз даврида рўмол ўраб, шарқона одоб билан юришгани ҳаммага маълум.
Демакки, рўмол қадим-қадимдан миллийлигимиз, ўзлигимизнинг ҳам ажралмас қисми бўлган. Шу нуқтаи назардан, ҳозирги кунда она сиймоси тасвирланганда сипо кийинган, енги узун, сатр аврати ёпиқ, бошига аввал кичкина рўмол ўраган, устидан катта рўмолини елкалари узра ташлаб олган аёл сиймоси гавдалантирилади.
Биз муҳокама этилаётган масалада миллий дўппи, ёз ва қиш мавсумларида кийиладиган бош кийимлар ҳақида тўхталиб ўтирмадик. Чунки, биз масаланинг энг долзарб ва нозик жиҳати ҳақида сўз юритдик.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, мазкур бандга халқимиз томонидан энг кўп фикр-мулоҳаза билдирилиб, таклиф ва тавсиялар тақдим этилди. Демак, мамлакатимиз аҳолисининг аксарияти билдирилган талаб ва истакларини ижобий ҳал этилишини интизорлик билан кутишмоқда.
Баён этилганлардан келиб чиқиб, тараққиётимизнинг янги босқичида, республикамизда халққа хизмат қилиш ва уни рози қилиш олий мақсад эканини эътиборга олиб, мазкур масалани фуқароларимиз истаган шаклда ижобий ҳал этилишини Ўзбекистон мусулмонлари идораси умид қилади», — дейилади хабарда.