Deutsche Bank Ўзбекистондаги энергетика ва тиббиёт соҳаси лойиҳалари учун 500 млн евро ажратди
(last modified Tue, 24 Jul 2018 14:09:23 GMT )
июл 24, 2018 19:09 Asia/Tashkent
  • Deutsche Bank
    Deutsche Bank

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият банки немисларнинг Deutsche Bank AG билан 500 млн евро миқдорига эга Битимга имзо чекди. Бу ҳақда банкнинг матбуот хизмати хабар беради.

Фарғона. ру сайтига кўра, келишув Германиянинг Франкфурт - Майн шаҳрида, яъни банкнинг штаб-квартираси жойлашган манзилда имзоланди. Ҳужжатда немис томони Ўзбекистонда энергетика, транспорт, инфратузилмали қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, нефть кимёси, металлургия, авиация ва бошқа соҳаларни ривожлантириш учун кредит ажратади.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият банки ходимлари келишувнинг ижобий томонларига урғу берадилар: битим узоқ муддатли молиялаштириш ишлари орқали турли мамлакатлардан, жумладан, АҚШ,Хитой, Корея, Япония, Германия, Франция, Италия ва Испаниядан ускуналар ва технологияларни импорт қилиш имкониятини беради.

Немис банки билан ҳамкорлик 2017 йил ноябрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида иккитомонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш чоралар тўғрисида»ги қарори доирасида олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият банки ва Deutsche Bank AG ўртасида инвестицияли лойиҳаларни молиялаштириш масаласи даставвал ўтган йили кузда бўлиб ўтган ўзбек-немис бизнес-форуми доирасида кўрилиб чиққанди. Ўшанда Германиянинг бошқа иккита банки - Commerzbank AG ва AKA Bank билан келишув имзоланди. Унга кўра, немис банклари Ўзбекистондаги кичик ва хусусий тадбиркорлик лойиҳалари учун 450 млн евро миқдорида маблағ йўналтиради.

Ёрлиқ