Камилов Оқ уйда Трампнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари билан учрашди
ТОШКЕНТ, 30 июл — Sputnik. Ўзбекистон делегациясининг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифига бошчилик қилаётган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Вашингтон шаҳрида АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Мира Рикардел билан учрашди, деб хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
"Жорий йилнинг май ойидаги Ўзбекистон – АҚШ олий даражали учрашувларининг якунлари мазкур суҳбатнинг марказий мавзуси бўлди. Бу эса "Ўзбекистон – АҚШ: стратегик шерикликнинг янги даври бошланиши" номли икки давлат раҳбарларининг қўшма баёнотида ўз аксини топгани қайд этилди", - деб таъкидланади хабарда.
Таъкидланишича, музокараларда икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, айрим халқаро ва минтақавий муаммолар, Афғонистондаги вазиятнинг тинчлик ҳолатига ўтиши имкониятлари ҳамда долзарб хавф ва таҳдидларга қарши курашишдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон – АҚШ мулоқоти ва халқаро кун тартибидаги бошқа асосий йўналишлар юзасидан фикр алмашилган.