Ўзбекистон МДҲ доирасида хизматлар бўйича эркин савдо ҳудуди битими лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этади
(last modified Mon, 06 Aug 2018 14:09:50 GMT )
август 06, 2018 19:09 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон МДҲ доирасида хизматлар бўйича эркин савдо ҳудуди битими лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этади
    Ўзбекистон МДҲ доирасида хизматлар бўйича эркин савдо ҳудуди битими лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этади

Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари ўртасида хизматлар бўйича эркин савдо ҳудуди битими лойиҳасини яратиш бўйича ишчи гуруҳи фаолиятида қатнашади.

Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати шу ҳақда хабар бермоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев бошчилигида идоралараро ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Ишчи гуруҳи таркиби Ўзбекистон Республикаси Молия, Иқтисодиёт, Адлия, Ташқи ишлар, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълими вазирликлари, Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси, Марказий банк, Автомобиль транспорти агентлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ташкилотларидан иборат.

Битим лойиҳасига кўра, МДҲ иштирокчи-давлатларининг ташкилотлари, компаниялари ва идоралари учун битимда қайд этилган шартларга асосланган ҳолда ўзаро хизматлар бозорига эркин кириш имконияти пайдо бўлади. Ҳужжат барча хизматларни, жумладан молия, банк, транспорт, таълим, суғурта ва бошқа хизматларни ўз ичига олади, давлат харидларида кўрсатиладиган хизматлар бундан мустасно. Шунингдек, битим лойиҳасида юридик шахсларнинг бошқа давлатларда ташкил этилиши, филиаллар, ваколатхоналарни очиш тартиби ва уларнинг инвестицион фаолияти тартиби белгилаб ўтилади.

Битим лойиҳаси бўйича 2012 йилдан иш бошланган ва 2011 йил 18 октябрь куни қабул қилинган Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги битим иштирокчи-давлатларининг (Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон ва Арманистон) вакиллари таркибида МДҲ ижроия қўмитасида ишчи гуруҳ ташкил қилинган.

«МДҲ мамлакатлари ўртасида хизматлар бўйича эркин савдо ҳудуди битими нафақат меҳнат ресурсларининг эркин алмашинуви, балки бир МДҲ давлати фуқароларининг ҳамдўстликнинг бошқа давлатларига инвестиция киритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ушбу инвестицияларнинг ҳимоясини таъминлаб бериш учун замин яратади,» – деб таъкидлади Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев.

Ёрлиқ