Бош вазир мажлисбозликка чек қўймоқчи
(last modified Sat, 25 Aug 2018 17:48:09 GMT )
август 25, 2018 22:48 Asia/Tashkent
  • Бош вазир  мажлисбозликка чек қўймоқчи

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов саҳарда ёки ярим тунда мажлислар ўтказишни тўхтатиш ва йиғилишга алоқадор бўлмаган фермер ҳамда тадбиркорларни чақирмаслик ҳақида топшириқ берди.

Газета.узнинг ёзишича, нашриётга келиб тушган ҳужжатда давлат органлари ва идоралар раҳбарларига, жумладан маҳаллий ҳокимиятларга аниқ иш регламентини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ кўрсатилган.

Ҳужжатга кўра, маҳаллий ҳокимият органларига қонунлар, фармон ва қарорлар ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрганилишини ташкил этиш топширилган.

Шунингдек, йиғилишларни кескин камайтириш ва график-режа асосида ҳафтасига камида 2-3 тадан кўп ўтказилишига йўл қўймаслик талаб қилинган.

Бош вазир топшириғига кўра, мажлислар вақти ҳам белгилаб қўйилган.

Энди йиғилишлар республика даражасида 2 соатдан, вилоят, шаҳар ва туманлар даражасида 1-1,5 соатдан оширилмаслиги мумкин.

Яна муҳим жиҳати куннинг ноқулай пайтларида, яъни тонг саҳарлаб ёки ярим кечада йиғилишлар ўтказишни қатъиян чеклаш ҳақида айтилган.

Бундан ташқари йиғилишга бевосита алоқаси бўлмаган корхоналар, идоралар ва жамоат ташкилотларининг раҳбар ва ходимларини, фермер ва тадбиркорларни умуман таклиф этмаслик кўрсатилган.

Қизиқ томони сўзга чиқувчиларга аниқ вақт регламенти ҳам кўрсатилган. Энди сўзга чиққанлар етказмоқчи бўлган фикрларини 5-7 дақиқада билдириши керак.

Бироқ бу тартиб мажлисни чақирувчи ҳоким ва раҳбарларга ҳам тегишлими ёки раҳбар сўз берган шахсгами, аниқлик киритилмаган.

Бош вазир қоғозбозликка барҳам беришга ҳам бел боғлаган. Маҳаллий ҳокимликлардан ҳеч кимга кераги бўлмаган маълумотлар ва ҳисоботларни талаб қилиш амалиётига қатъиян барҳам бериш топшириғи берилган.

Ўзбекистонда раҳбар ва ҳокимлар томонидан бемаврид ҳамда узундан узоқ мажлислар ўтказиш сўнгги йилларда анъанага айланган.

Бундай йиғилишларда раҳбар томонидан қўл остидагиларнинг калтакланиши ёки ҳақорат қилинишига оид кўплаб аудио ва видео тасвирлар интернетга чиқиб кетган.

Давлат идораларида бемаврид мажлислардан ташқари ишчи-хизматчиларнинг меъёридан ортиқ ишлашга мажбур бўлиши ҳам кенг ёйилган.

Мирзиёев ҳокимиятга келгач Ўзбекистонда давлат ишчилари учун 2 йил фавқулотда ҳолат эълон қилганди.

Президент бу вақтнинг ичида дам олишсиз ишлаш кераклигини урғулаган.

Ёрлиқ