Хива шаҳар ҳокимининг ўринбосари қўлга олинди
Хива шаҳар ҳокимининг муовини пора билан қўлга тушгани хабар қилинмоқда.
Хива шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжаликлари масалалари бўйича ўринбосари О.Ш. Ер тузиш ва қўчмас мулк кадастри Хива шаҳар бўлими мутахассиси орқали 2000 АҚШ долларини пора тариқасида олаётганида жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинди, дея вилоят Ички ишлар бошқармаси сайтида хабар берилган.
Фарғона.ру сайтига кўра, “Қишлоқ хўжалик махсулотларини қуритиш, қайта ишлаш цехи ва омборхонаси” қурилиши учун 1000 метр квадрат ер участкаси ажратилишида ёрдам берганлиги учун 2 000 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилаётганлиги тўғрисидаги мурожаат асосида 2018 йил 6 октябрь куни вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупцияга қарши курашиш бўлими ва прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хива шаҳри бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида ҳоким ўринбосари қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Хива шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган О.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, прокуратура органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу модда билан шахс беш йилдан ўн йилгача озодлик маҳрум этилиши мумкин.