Тошкентда “Жиҳодчилар” диний оқимига мансубликда айбланган ака-укага нисбатан ҳукм ўқилди
Тошкент шаҳар суди 8 октябрь куни “Жиҳодчилар” диний оқимига мансубликда айбданган ака-ука Шуҳрат ва Аброл Дўсмуҳаммедовларга ҳамда Жўрабой Сотиболдиевга нисбатан ҳукм ўқиди
Фарғона.ру сайтининг хабар қилишича, ака-укалар олти ярим йилга, учинчи фигурант – беш йилга озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳақда “Фарғона” агентлигига Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг (ЎМҲҲТГ) раҳбари Сурат Икрамов маълум қилди.
Суд айбланувчиларни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-2 “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш” ва 223 - “Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш” моддалари билан кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. ЎМҲҲТГ раҳбарига кўра, судланувчиларнинг айби исботланмади, суд процесси Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодекси ва халқаро ҳуқуқ меъёрларининг қўпол бузилишлари билан ўтди.
Маҳкумларнинг адвокатлари Тошкент шаҳар суди томонидан чиқарилган ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят қилишмоқчи.