октябр 11, 2018 10:24 Asia/Tashkent
  • Қонунчилик палатаси спикери Евроосиё парламентлари спикерлари йиғилишида қатнашмоқда
    Қонунчилик палатаси спикери Евроосиё парламентлари спикерлари йиғилишида қатнашмоқда

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегацияси Туркияда бўлиб турибди, деб хабар беради парламент сайти 

Анталия шаҳрида 41 мамлакат делегацияси аъзолари иштирокида ўтаётган “Иқтисодий ҳамкорлик, атроф-муҳит ва Евроосиёнинг барқарор ривожланиши” мавзусидаги Евроосиё парламентлари спикерларининг III йиғилишида Ўзбекистон делегацияси илк бор қатнашмоқда.

Ташрифнинг биринчи куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов Евроосиё парламентари спикерларининг III йиғилиши доирасида Россия Федерацияси Федерал Кенгаши Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин билан учрашди.

Мулоқот чоғида томонлар Евроосиё парламентлари спикерларининг III йиғилиши кун тартиби, шунингдек, Евроосиё маконининг иқтисодий ривожланиши истиқболларини муҳокама қилдилар. Суҳбат давомида Спикерлар йиғилишида кўриладиган масалалар барча қатнашчи мамлакатлар учун долзарб экани қайд этиб ўтилди.  

Евроосиё парламентлари спикерларининг йиғилишида эса, иштирокчилар минтақада ҳамкорликни кучайтириш учун қонунчилик томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича кучларни бирлаштириш, жумладан логистика, божхона тартиблари, бизнесни юритишдаги тўсиқларни олиб ташлаш каби бошқа бир қатор соҳаларда ўзаро манфаатли шерикчиликни ривожлантириш орқали инклюзив ва барқарор ривожланишни таъминлашга келишиб олдилар.

Парламент аъзоларининг навбатдаги учрашуви Қозоғистон Парламенти Мажлиси спикери Нурлан Нигматуллин билан кечди. Мулоқотлар асосини парламентларимиз ҳамкорлигини янада кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ташкил этди.

Ёрлиқ