Ўзбекистондаги АЭС қурилиши 11 миллиард долларга баҳоланди
(last modified Wed, 17 Oct 2018 12:20:11 GMT )
октябр 17, 2018 17:20 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистондаги АЭС қурилиши 11 миллиард долларга баҳоланди
    Ўзбекистондаги АЭС қурилиши 11 миллиард долларга баҳоланди

Россия дизайни асосида Ўзбекистонда қуриладиган атом электр станцияси (АЭС) қиймати тахминан 11 миллиард долларни ташкил қилади. Биринчи энергоблок 2028 йилда ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда РФ президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига асосланиб Spot хабар бермоқда.

«Баҳоларга кўра, лойиҳа қиймати - 11 миллиард доллар атрофида», - деди Ушаков сешанба куни журналистларга. Унинг айтишича, биринчи энергоблок тахминан 2028 йилга бориб ишга туширилади.

Шунингдек, у РФ президенти Владимир Путин 18—19 октябрь кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида АЭС лойиҳасига доир ишларга старт бериш маросимида иштирок этишини маълум қилди.

Икки мамлакат ҳукуматлараро келишувига мувофиқ, Ўзбекистонда умумий қуввати 2,4 ГВт бўлган икки энергоблокдан иборат АЭС қурилиши кўзда тутилмоқда. Лойиҳа РФнинг «Росатом» корпорацияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Бундан ташқари, Ушаков Россия етакчиси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказишини қайд этган.

У шунингдек 19 октябрдаги саммитда «янги савдо-иқтисодий ҳамкорлик механизмини яратишга доир қарор қабул қилиниши»ни таъкидлаган.

Маслаҳатчининг сўзларига кўра, Ўзбекистон РФнинг етакчи иқтисодий ҳамкорларидан бири.

«Россиянинг Ўзбекистон ташқи савдоси умумий ҳажмидаги улуши 18 фоиздан ошади — бу Хитойдан кейин иккинчи ўрин дегани», — деди Ушаков.

Бундан ташқари, у жорий йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасини 5 миллиард долларга чиқариш учун барча имкониятлар мавжудлигини қайд этди.