Прокурор собиқ МХХ раҳбарларига узоқ муддатли қамоқ жазолари сўради
(last modified Sat, 20 Oct 2018 12:08:55 GMT )
октябр 20, 2018 17:08 Asia/Tashkent
  • Нодир Тӯрақулов
    Нодир Тӯрақулов

ОАВнинг хабар беришича, шу йилнинг 18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Ҳарбий судида давлат айбловчиси судлов ҳайъатидан бир гуруҳ МХХ (жорий номи ДХХ – Давлат хавфсизлик хизмати) мулозимлари, прокурор, милиция ва тадбиркорлардан иборат, жами 12 нафар кишига нисбатан узоқ муддатли қамоқ жазолари тайинлашни сўраган.

Давлат айбловчиси суднинг қора курсисида ўтирган МХХ раисининг собиқ ўринбосари, полковник Шуҳрат Тошпўлатовни 12 йилга, МХХ раиснинг Ички хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари, генерал-майор Ҳаёт Шарифхўжаевни 14 йилга, МХХ Тергов бошқармаси тергов бўлими бошлиғи, полковник Нодир Тўрақуловни 16 йилга, МХХ Сурхондарё вилоят бошқармаси тергов бўлими терговчиси, подполковник Эргашевни 10 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Давлат айбловчиси махфий хизмат ходимларининг барча ҳарбий унвонлари, давлат мукофотларини бекор қилишни талаб қилди.

Шунингдек, давлат айбловчиси Сурхондарё вилоят прокуратураси терговчиси Шерали Ахмедовни 11 йилга, Сурхондарё вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, полковник Назаровни 12 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Шунингдек, мазкур шахсларнинг давлат ва фуқаролар манфаатларигакелтирган бир неча миллиардлик зарарларини мажбурий тартибда ундириш ва уларга қўшимча равишда энг кам маош миқдорининг 100 бараваридан 600 бараваригача жарима жазолари қўлланилиши белгиланган.

Жиноят иши материалларига кўра, мазкур жиноий гуруҳ аъзоларининг катта қисми Сурхондарёда содир этилган жиноятлар учун жавобгар қилинган.

Собиқ МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов Ўзбекистон президентининг 19 январь куни Қизириқдаги йиғилишда МХХнинг айни вилоятдаги бошқармаси фаолиятини кескин танқид қилгани ортидан Тошкентда қамоққа олинган эди.

МХХнинг юқори унвонли зобитлари Тошпўлатов ва Шарифхўжаевлар шу йилнинг май ойида қамоққа олиниб, сўроқларга жалб қилинган.

Келгуси ҳафтада мазкур жиноят иши юзасидан суд ҳукми эълон қилиниши кутилмоқда.

                                                                                                                        ЎХҲ ахборот бўлими