Президентнинг балиқчилик ҳақидаги янги қарори
(last modified Wed, 07 Nov 2018 06:30:58 GMT )
ноябр 07, 2018 11:30 Asia/Tashkent
  • Президентнинг балиқчилик ҳақидаги янги қарори

Балиқчилик соҳаси ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди, деб хабар қилди Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали.

Қарорга мувофиқ узлуксиз сув таъминлаш имконияти бўлган сунъий сув ҳавза майдонлари мавжуд бўлган балиқчилик хўжаликлари босқичма-босқич интенсив усулда балиқ етиштиришга ихтисослаштирилади.

Қарор билан балиқчиликни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан 50 миллион АҚШ доллари миқдорида “Ипотека банк” АТИБнинг устав капиталидаги давлат улуши оширилди.

Тижорат банклари томонидан 2019-2020 йилларда ажратилаётган кредит фоизи учун Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилди:

·         айланма маблағларни тўлдиришга тижорат банки томонидан ўрнатилган кредит ставкасининг 25 фоизи миқдорида;

·         наслли она балиқ ва балиқ увилдириғи, ёпиқ сув айланма тизими, қафас (садок) қурилмаларида ва бошқа интенсив усулларда балиқ етиштиришни ташкил этиш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, инкубация цехлари ва репродукторларни ташкил этиш, ҳовузлар қуриш ва қайта таъмирлаш, махсус техника ва бошқа асосий воситаларни харид қилиш ҳамда барпо этиш учун тижорат банки томонидан ўрнатилган кредит ставкасининг 50 фоизи миқдорида.

·         Шунингдек қарорга мувофиқ эндиликда балиқчилик соҳасида тўлиқ тизимли ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган балиқчилик кластерлари ташкил этилади. Кластернинг йиллик балиқ етиштириш қуввати камида 50 тонна бўлганда 2019 йил 1 январдан уч йил давомида барча солиқлар ва мажбурий ажратмалардан озод этилади.

Балиқчилик илмий-тадқиқот институтини ривожлантириш учун 2019 йилда Балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 1 миллиард сўм ажратилади. Бундан ташқари қарор билан Айдар-Арнасой кўллар тизимида интенсив усулда балиқ етиштиришни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича комиссия ташкил қилинди.