Япония Ўзбекистоннинг АЭС қуриш ташаббусини қўллаб-қувватлади
"Ўзатом" агентлиги раҳбари Осиё тараққиёт банки (ОТБ) институти томонидан Японияда "Фукусимада бахтсиз ҳодисалар хавфини бошқариш" мавзуида уюштирилган семинарда иштирок этди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири "Ўзатом" агентлиги матбуот хизматига таянган ҳолда.
ОТБ институти томонидан Японияда ташкил этилган семинарда 12 давлат вакиллари иштирок этган бўлиб, унинг давомида Осиё давлатлари томонидан табиий офатларни олдини олиш ва бартараф этишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда ОТБнинг ушбу йўналишдаги дастурлари борасида маълумот берилди.
Ушбу семинар доирасида дастур иштирокчилари Фукусима префектурасига ташриф буюриб, табиий офат оқибатларини бартараф этиш чоралари билан танишди, хусусан, 2011 йил 11 март куни Япония тарихида юз берган энг офатли зилзила ва ундан сўнг келган цунами Фукусима атом электр станциясида келтириб чиқарган муаммолар. Иштирокчиларга бундай синовдан ўтган ҳудуд инфратузилмасини ва иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган муваффақиятли тадбирлар натижалари тақдим этилди.
Тадбир доирасида иштирокчилар Фукусиманинг табиий офатлар хавфини бошқариш ҳудудий марказига, Фукусима қайта тикланадиган энергия иститутига, Фукусима қишлоқ хўжалиги технологиялари марказига, Сома-Футаба балиқчилар кооперативлари бирлашмасига, Фукусима робот техникаси синов маркази ва бошқа объектларга ташриф буюрди.
2015 йилдан бошлаб Фукусимада етиштирилаётган гуручда радиация меъёри ортиқ эмаслиги, яъни 100 беккерель/кг эканлиги аниқланган бўлса, кейинги олти йил ичида натижаларнинг 99 фоиздан кўпроғи 25 беккерель/кг дан ҳам пастроқ эканлигини кўрсатган.
Ташриф давомида “Ўзатом” агентлиги делегацияси Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонаси билан биргаликда Токиода бир қатор учрашувлар ўтказди ва “Токай” АЭСга ташриф буюрди.
Айтилишича, 2011 йил март ойида рўй берган 9 баллик зилзила вақтида "Токай-2" АЭС тўлиқ қувват билан ишлаб турган. Ташқи қувват манбаларининг барчаси ўчирилганидан сўнг, фавқулодда вазият тизими муваффақиятли ишга тушган ва АЭСнинг хавфсиз тўхташини таъминлаган.
"Ўзатом" агентлиги делегацияси, шунингдек, Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлигининг Халқаро атом энергияси соҳасида ҳамкорлик департаменти директори Шинжиро Такеда ва Япониянинг Атом энергияси бўйича агентлиги президенти Тошио Кодама билан учрашув ўтказди.
Томонлар Ўзбекистон ва Япониянинг стратегик ҳамкорлигини, шунингдек, Япониянинг атом энергетикаси соҳасидаги катта тажрибасини инобатга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик ва ўзбекистонлик мутахассислар учун тренинглар ўтказиш имкониятларини муҳокама қилди.