Фарғонада ӯқувчини ўқитувчиси уриб ўлдирдими?
(last modified Mon, 17 Dec 2018 15:11:47 GMT )
декабр 17, 2018 20:11 Asia/Tashkent
  • Дарс пайтида уриб ўлдирилгани иддао қилинаётган 10 -синф ўқувчиси Миржалол Зокиров
    Дарс пайтида уриб ўлдирилгани иддао қилинаётган 10 -синф ўқувчиси Миржалол Зокиров

Фарғоналик ота 10- синфда ўқиётган ўғлини ҳарбий таьлим ўқитувчиси уриб ўлдириб қўйганини иддао қилди.

Ўқитувчининг ўзи ўқувчини урганини  инкор қилди.

Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари вакили “марҳумнинг айнан калтак зарбидан ўлганига оид суд-тиббий экспертизаси хулосаси ҳали йўқлигини” билдирди.

Бешариқ туман, Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Файз қишлоғида жойлашган 17- умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Миржалол Зокиров, отаси Дилшод Мадраҳимовнинг иддао қилишича, дарс пайтида ҳарбий таьлим ўқитувчиси Мирвоҳид Мардонов калтаклагани ортидан ўлган.

Жорий йилнинг 26 ноябрида ўлган ўқувчининг отаси Дилшод Мадраҳимов  «ўғлини уриб ўлдирган ўқитувчи устидан прокуратурага ариза» ëзганлигини айтди.

Мактаб дирекори Сирожиддин Қўчқоровнинг айтишича¸ марҳум Миржалол Зокиров аълочи ўқувчи эди:

- Бу воқеа бўлган куни мен малака оширишда эдим. Эшитиб ҳайрон бўлдим. Чунки бу бола аълочи эди. Ўша куни яхши баҳолар олган эди. У синф сардори қилиб сайланган эди. Мен малака оширишдан қайтиб хизмат текшируви ўтказдим. Ҳарбий таьлим ўқитувчиси Мирвоҳид Мардонов билан суҳбатлашдим. Ўша куни у дарс қолдирган болаларга жумладан марҳум Миржалолга ҳам танбеҳ берганлигини тан олди. Ўқитувчини кабинетимга обкириб нима бўлди, десам, дарсига қатнашмагани¸ конспектларни ëзмагани учун тергаганлиги, аммо қаттиқ урмаганлигини айтди.

Воқеа гувоҳларидан бири 17-мактабнинг исми айтилмаслигини истаган 10- синф ўқувчиси Озодлик билан суҳбатда калтаклаш қандай юз берганлигини айтиб берди:

- Ўша куни бир неча ўқувчи калтакланди. Устоз бизларни турғазиб қўйиб, "нега дарс қолдирдинг?" деб ëмон гаплар билан сўкди. Миржалолни кўкрагига урганида у нафас ола олмай букчайиб қолди. Эртасига мактабга келмади.

Марҳум Миржалол Зокировнинг отаси  тўнғич ўғлининг мактабдан "бир аҳволда" келгани ва нафаси сиқилиб ëтиб қолганини гапиради:

- Фарзандимни кўкрагига ўқитувчиси катта куч билан мушт урган. Ўғлим аввлига мендан қўрқиб ҳеч нарса демади. Тушлик пайтида мактабдан келдию ҳушидан кетди. Бешариқ касалхонасига оборсам доктор аллақачон пешонаси музлаб бўлган деди. Беш фарзандим бор эди. Хозир эса тўрттаси қолди. Прокуратурага ариза бердим зўравон ўқитувчига қонуний чора кўрилсин деб.

Унинг яна айтишича¸ “қабрни очиб жасадни суд-тиббий кўрикдан ўтказишни” ҳам талаб қилган.